ЎзА Ўзбек

13.08.2018 19:28 Чоп этиш версияси

“Бухоро тарихи менинг фото ва кино санъати йўналишидаги асарларимнинг асосий мавзусидир”

“Бухоро тарихи менинг фото ва кино санъати йўналишидаги асарларимнинг асосий мавзусидир” Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Энг улуғ, энг азиз” танловининг Бухоро вилояти босқичи якунланди.

Танловга “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган ғояни ўзида мужассам қилган, юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини, фидойи замондошларимиз қиёфасини ҳаётий мисоллар асосида очиб берувчи турли номинациялар бўйича 100 дан зиёд ижодий иш тақдим этилди.

Босма оммавий ахборот воситалари номинациясида “Юрт тароналари” манзумаси ва “Янги давр одамлари” номли бадиий публицистик мақолалар тўплами учун “Қоровулбозор тонги” газетаси муҳаррири Баҳром Солиев, телерадио журналистикаси номинациясида “Юрт фидойилари”, “Муқаддас қадриятлар”, “Заминдошлар”, “Ватанни шунчаки севиб бўлмайди” каби ижтимоий роликлари учун журналист Салоҳиддин Файзиев, бадиий адабиёт йўналишида “Унутилмас сиймолар” ҳужжатли эссеси учун меҳнат фахрийси Вали Қаҳҳоров, дизайнерлик йўналишида “Замонавий дизайн“ коллекциялари учун Маржона Фатуллаева ва кино санъати йўналишида “Чойхона”, “Бухоронинг қадимий уйлари” қисқа метражли фильмлари учун Беҳзод Болтаев 1-ўринни эгаллади.

– Бухоро тарихи менинг фото ва кино санъати йўналишидаги асарларимнинг асосий мавзусидир, – дейди Беҳзод Болтаев. – Ўзим туғилиб ўсган қадим шаҳарнинг кўҳна ёдгорликлари, гузарларида бундан бир аср ва ундан кўпроқ вақт илгари қурилган уйларни суратга олганда шунчаки, тарихийлик нуқтаи назардан ёндашмайман, балки айни пайтда уларга замонавий нигоҳ билан истиқлол йилларида эъзозланган миллий қадрият сифатида қарайман. Қисқа метражли фильмларим Тошкентда, шунингдек, Швейцария ва Россияда ўтказилган халқаро танловларда алоҳида эътироф этилган. Бугунги танловда ҳам ғолиблар сафида зикр этилганидан ғоят хурсандман.

Тадбир доирасида вилоят шоир ва ёзувчиларининг кейинги бир йилда чоп этилган насрий ва назмий асарлари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
5 753