ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Евро-5 стандарти талабларига мос ёқилғи ишлаб чиқарилади

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Евро-5 стандарти талабларига мос ёқилғи ишлаб чиқарилади

1997 йилнинг 22 августи мамлакат ёқилғи саноати тарихида ўчмас саҳифа очган сана бўлиб қолди. Шу куни Бухоро вилоятининг чекка ҳудуди, бепоён саҳро қўйнидаги Қоровулбозор туманида нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилди. Тўрт йил давомида Франция, Япония, Туркия ва бошқа мамлакатлар компаниялари ҳамкорлигида бунёд этилиб, энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган ноёб корхонанинг аҳамияти катта.

Биринчидан, у республикамиз истиқлолини мустаҳкамлашнинг муҳим асосларидан бири яъни ёқилғи мустақиллигини таъминлашга улкан ҳисса қўшди. Иккинчидан, завод қурилиши ўз эркини қўлга киритганига ҳали кўп вақт бўлмаган давлатимизнинг ўтиш даврининг ўта оғир машаққатларига қарамай, тараққиёт сари дадил одим ташлашга, улкан лойиҳаларга журъат билан киришга қодирлигининг намуналаридан бирига айланган эди.

Автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, авиакеросин (ДЖЕТ А-1), мазут сингари 15 турдан зиёд маҳсулотлар унинг бренд талабаларига жавоб беради. Айниқса, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги турдош корхоналар орасида биринчи бўлиб авиакеросин (ДЖЕТ А-1) ишлаб чиқаришни ўзлаштиргани билан ажралиб туради.

Албатта, ҳар қандай завод замон ва тараққиёт талабларига ҳамоҳанг бўлиши керак. Табиийки, давр заводдан янгиланишни, маҳсулот сифатини халқаро талаблар даражасига кўтаришни тақозо эта бошлади. Уни амалга оширишда давлат миқёсида эътибор қаратилди. Мамлакатимиз Президенти томонидан 2018 йил 19 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи агрегатларини модернизация қилиш ва қайта қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилиши 2019 йилга мўлжалланган истиқболли тармоқ инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатига киритилди. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва вилоят фаоллари иштирокидаги кенгайтирилган мажлис баёнида бу борада аниқ вазифалар илгари сурилди.

Яна муҳим жиҳат. Жанубий Корея Республикаси Президентининг 2019 йил апрель ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида Бухоро НҚЗни модернизация қилиш ва қайта қуриш лойиҳаси бўйича “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва SK Engineering&Construction компанияси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.

Мазкур ҳужжатга асосан, заводда умумий қиймати 553 миллион АҚШ долларига тенг модернизация қилиш лойиҳасига киришилмоқда.

Юқорида тилга олинган битимга кўра, бунёдкорлик ишлари натижасида завод ҳар йили 2,5 миллион тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш имкониятига эга бўлиб, истеъмолчиларга 1,2 миллион тонна ўта сифатли бензин, 200 минг тонна авиакеросин, 750 минг тонна дизель ёқилғиси ва 30 минг тонна мазут каби кўплаб турдаги маҳсулотларни етказиб беради.

Корхонани модернизация қилиш ва қайта қуришни уч босқичда амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Биринчи босқич жорий йилда ниҳоясига етказилади. Унга кўра, Газойлни гидротозалаш қурилмасининг котализатори сўнгги авлод котализаторига алмаштирилади. Ҳозирги пайтда корхонада Евро-2 андозали дизель ишлаб чиқарилмоқда. Котализатор қурилмасининг янгиланиши туфайли бу турдаги умумий ёқилғининг 20 фоизи Евро – 4,5 қолган 80 фоизи Евро – 3 стандартига мос келади.

Иккинчи босқич 2019 – 2022 йилларга мўлжалланган бўлиб, бунда қўшимча жиҳозларни ўрнатиш орқали маҳсулот сифати янада оширилади. Аниқроғи, Евро- 4 ва Евро- 5 талабларига жавоб берадиган юқори октанли АИ-91, АИ-93, АИ-95 автобензинларини ишлаб чиқариш ҳажми кўпаяди ҳамда тайёрланадиган дизель ёқилғисининг ҳаммаси Евро-5 халқаро андозаси даражасида бўлади.

Корхонани модернизация қилишнинг сўнгги босқичи 2024 – 2025 йилларда амалга оширилади. Бу янгиланишнинг асосий мақсади мазутни чуқур қайта ишлашга қаратилган. Цехларнинг янги технологик қурилмалар билан жиҳозланиши самарасида чуқур қайта ишлаш даражаси ҳозирги 79 фоиздан 95 фоизга етказилади. Натижада очиқ тусли нефть маҳсулотлари чиқиши 77 фоиздан 91 фоизга кўтарилиши кутилмоқда.

Албатта, янги технологиялар ҳудуднинг экологик муҳитини янада яхшилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Булар ҳақида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти томонидан корхонани модернизация қилиш ва қайта қуриш лойиҳаси билан таништиришга бағишлаб журналистлар иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди. Мулоқотда шунингдек, лойиҳани амалга ошириш мақсадида заводда “Ўзбекнефтегаз”, “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик жамиятлари ва Бухоро НҚЗ мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳининг SK Engineering&Construction компанияси вакиллари билан биргаликда лойиҳанинг банк техник -иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ишларини олиб бораётгани таъкидланди.

– Улкан лойиҳа туфайли айтиш мумкинки, корхонамиз ривожланишининг янги даври бошланади, – дейди масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи директорининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Мустафоев. – Технологик янгиланиш ва истиқболда хом ашё барқарор таъминоти кўзда тутилаётгани натижасида БНҚЗ мамлакатни нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминловчи асосий ишлаб чиқарувчига айланади. Бундан ташқари лойиҳанинг амалга оширилиши юздан зиёд иш ўринлари яратиш имконини беради.

Сифатли ва сероб маҳсулот катта даромад, соф фойда демакдир. Бу эса корхонани модернизация қилиш ва қайта қуришга сарфланган харажатларни белгиланган муддатдан илгари қоплашнинг муҳим омилидир.

6 992
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА