Бухоро давлат тиббиёт институтида илмий кенгаш иш бошлади
Номзодга фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бухоро давлат тиббиёт институтида "Неврология" ва "Aкушерлик ва гинекология" мутахассисликлари бўйича тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертацияларни ҳимоя қилиш илмий кенгаши иш бошлади.
Шу кунга қадар ушбу йўналишдаги илмий ишларни ҳимоя қилиш пойтахтда ўтказилар эди. Олий даргоҳнинг катта илмий салоҳиятини инобатга олган ҳолда ушбу илмий кенгаш ўқитувчилар ва талабаларнинг фундаментал тадқиқотларга жалб қилинишини кенгайтириш, илм-фан ва таълимнинг интеграциясини кучайтириш, илмий кадрлар сифатини оширишга хизмат қилади. Институтнинг илмий секторини талаб қилинадиган илмий натижалар манбаи бўлишига, мамлакатимиз ва чет элда академик ҳамжамият ўртасида рақобатбардош бўлишга кўмак беради.
Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун Наргиза Мансурова томонидан "Неврология" ихтисослиги бўйича "Ўзбек ва япон миллатида Паркинсон касаллигининг қиёсий клиник ва патобиокимёвий жиҳатлари" мавзусида биринчи диссертация ҳимояси ҳам бўлиб ўтди.

Тадқиқот икки мамлакатда ўтказилган илмий грант доирасида амалга оширилди. Токионинг Юнтендо университети (Япония) ва Бухоро шаҳридаги тиббиёт муассасалари ва Тошкент тиббиёт академиясида ўтказилди. Диссертация ишини ёқлаётган докторант Наргиза Мансурова институтнинг битирувчиси ва Президент стипендияси соҳиби. У бир нечта чет тилларини мукаммал билади. Aмерика, Aнглия, Германия, Корея, Япония, Эстония ва кўплаб бошқа давлатларда амалиёт ўтаб қайтган.
– Диссертацияни ҳимоя қилиш илмий мунозара характерида бўлди, – дейди докторант Наргиза Мансурова. – Юқори талабчанлик, илмий тамойилларга асосланиб ва илмий ахлоқ қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказилди. Диссертацияда келтирилган илмий ва амалий характердаги барча хулосалар ва тавсияларнинг ишончлилиги ва асослилиги атрофлича таҳлил қилинди. Тадқиқот натижаларига кўра клиник амалиётга прогностик шкала киритилди. Бу прогностик шкалага кўра беморлар Паркинсон касаллигининг оғирлик даражасини башорат қилишга ёрдам беради. Беморларнинг ҳаёт сифати кўрсаткичларини яхшилайдиган, бемор ўзига хизмат кўрсатиш имкониятини оширадиган ва ремиссия муддатини узайтирадиган диссертация ишининг олинган илмий натижалари Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва Вобкент туманининг амалий фаолиятига киритилган.
Ҳимоя натижаларига кўра, илмий кенгаш диссертация иши Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг қарори билан тасдиқланган илмий даражалар бериш тўғрисидаги низомда назарда тутилган талабларга жавоб берадиган илмий ва малакавий иш эканлиги тўғрисида хулосага келди. Номзодга фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.