ЎзА Ўзбек

17.08.2018 15:05 Чоп этиш версияси

Бухоро чизгилари...

Бухоро чизгилари...
Яқинда Бухоро тасвирий санъат музейида тожикистонлик фото санъати устаси Алишер Примқуловнинг 60 дан зиёд асарларидан иборат "Бухоро чизгилари” номли кўргазмаси ўз ишини якунлади.

Суратларда ижодкорнинг Бухоро бўйлаб қилган саёҳати таассуротлари акс этган. Кўргазмага қўйилган асарларда кўп асрлик тарихга эга Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасасини ўз ичига олган Пойи Калон, шунингдек, Лаби ҳовуз мажмуалари, қадимий Арк қалъаси, Исмоил Сомоний мақбараси, Ситораи Моҳи Хоса саройи каби қадамжолар ва бошқа осори-атиқалар тасвири муҳрланган.

Суратларда обидалардаги нақшларнинг ўзига хос қирралари, миллий безакларга алоҳида эътибор қаратилган. Шунинг учун ҳам кўргазмани нафақат юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳлар ҳам катта қизиқиш билан томоша қилган эди.

Кўргазма доирасида Алишер Примқулов ва бошқа мутахассислар томонидан бухоролик ёш ҳаваскор сураткашлар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилгани аҳамиятли бўлди.

– Мен Бухоро ҳақида маълумот берувчи манбаларни кўп ўқиганман, унинг эртакмонанд қиёфаси ҳақида кўп эшитганман, – дейди Алишер Примқулов. – Бу ернинг тарихий ёдгорликлари, қадамжолари, меҳмондўст инсонлари ҳар қандай ижодкорни тўлқинлантириб юборади. Буни ўзимда ҳис этдим. Қалбимдаги ҳайратлар суратларга кўчди. Ижодий ишларим санъат ихлосмадларига манзур бўлганидан хурсанд бўлдим. Бу суратлар Тожикистонда ҳам намойиш этилади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
8 048