ЎзА Ўзбек

27.11.2019 Чоп этиш версияси

Бухоро амирлари зулмкор ва кайф-сафога мойил дея танқид қилинган, ваҳоланки...

Бухоро амирлари зулмкор ва кайф-сафога мойил дея танқид қилинган, ваҳоланки...

Тарихда айрим ҳукмдорларнинг ўзи ҳам мадрасада мударрислик қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Хусусан, манбаларда Мирзо Улуғбек (1394–1449)нинг Самарқанддаги мадрасада астрономиядан, унинг набираси Кучкунчихон (1452–1529) аруз илмидан дарс берганлиги ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолган. 

Мударрис (арабча “дарс берувчи”) – мадраса ўқитувчиси ҳисобланиб, мадрасаларда ўқитиладиган муайян фандан дарс берган. Истеъдодли, барча билимлардан хабардор ва ҳурмат-эътибор қозонган алломалар махсус комиссия синовидан ўтиб, мударрислик вазифасига тавсия этилган. 

Аҳмад Дониш мударрислик касбининг машаққатлари ҳақида: “...кундуз куни муаллим ўз ўқувчилари билан машғулотда банд бўлади, кечқурун эса эртанги кунги машғулотларга тайёрланади, хуллас, у умр бўйи ўқийди ва ўз касби билан муттасил, танаффуссиз шуғулланади”, деган фикрларни баён этади.

Мадрасада дарс бериши учун мударрисликка тайинланиш тартибига кўра, кичик мадрасаларнинг мударрисини қозикалон тайинласа, йирик мадрасаларнинг мударриси амир томонидан тегишли ҳужжат асосида тайинланган.

Шу ўринда, Бухоронинг баъзи амирлари ҳам илм-фан ва маданият ривожидаги ҳомийликдан ташқари, муайян фанларни чуқур ўзлаштириб, ўзлари бевосита мадрасаларда дарс ҳам берганлар.

photo5399980768748481670.jpg

Масалан, Амир Шоҳмурод (1749–1800) амирлик тахтига чиққунга қадар бозорда ҳаммоллик қилган, пичоқларга қин ясаб сотган. Садри Зиё (1865–1932 йй.)нинг маълумотига кўра, Шоҳмурод Мир Араб мадрасасининг битта ҳужрасида кеча-кундуз риёзат чекиб, илм олиш билан шуғулланган ва халқ орасида “Амир Жаннатмакон” лақаби билан танилган.

Амирлик тахтига чиққач (1785), ўз лавозимига белгиланган маош билан кун кўрган, ҳадя ва тортиқларни қабул қилмаган.

У Бухоро мадрасасида “Ҳидоя”, Байзовийнинг “Китоб усул ад-дин” асаридан ҳамда Шотибийнинг асарлари ва унга ёзилган шарҳлардан дарс берган. Амир Шоҳмурод мадраса талабаларига солиқлардан тушган даромад ҳисобидан нафақа (стипендия) тўлашни жорий этган.

Амир Шоҳмуроднинг ўғли Амир Ҳайдар (1778–1826) Бухоро аркидаги масжид қошида мадраса қурдирган ва ўзи ҳам мазкур мадрасада дарс берган. Амир Ҳайдар ҳукмронлик қилган даврда илм олиш мақсадида Бухорога дунёнинг турли жойларидан талабалар келган.

photo5400161011346025353.jpg

Инглиз сайёҳи Александр Бёрнс (1832) эса Бухоро мадрасаларида Эрондан ташқари барча мамлакатлардан келган талабаларни учратиш мумкинлиги, улар етти ёки саккиз йиллик ўқув курсини тугатиб, ўз ватанларига билим захираси билан қайтишларини қайд этади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, совет тарихшунослиги ва ҳатто, мустақиллик йилларида Бухоро амирлари фаолиятига бағишланган кўплаб тадқиқотларда асосий эътибор амирларнинг халққа нисбатан зулм қилувчи диспотик ҳукмрон доира сифатида қаралиб, уларнинг сарой ва ҳарамдаги ўзига хос тартиб-қоидалар асосидаги турмуш тарзи кайф-сафо сифатида бир томонлама баҳоланиб, танқид остига олинди.

Натижада, уларнинг илм-фанга қўшган ҳиссалари, маданият соҳасидаги ислоҳотчилик фаолиятлари, энг муҳими, уларнинг бугунги ёш авлодга ўрнак қилиб кўрсатгулик маърифатпарварлик сиёсати кўплаб тадқиқотчилар назаридан четда қолди. Тарих эса амирларнинг илм-маърифатга қўшган ҳиссасини ҳам муҳрлагани аён бўлади.

Акбар ЗАМОНОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори 
(“Ўрта аср тарихий шахслари ҳаётининг айрим номаълум саҳифалари” китобидан олинди)

11 041
ЎзА