ЎзА Ўзбек

15.04.2019 18:44 Чоп этиш версияси

Бугуннинг тадбиркор аёли Гулчеҳрадек бўлсин

Бугуннинг тадбиркор аёли Гулчеҳрадек бўлсин

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги “Гули модалар дунёси” тикувчилик корхонасида ишлаб чиқириш ҳажми ортиб, маҳсулот экспорти юксалмоқда. 

Тадбиркорликни бошлаш учун “Миллий банк”нинг Сирдарё вилояти филиалидан 450 миллион сўм миқдорида кредит олган тадбиркор Гулчеҳра Файзуллаева дастлаб 100 та тикув машинкасини сотиб олди. 50 нафар тикувчи билан иш бошлади. Цехда тайёрланган илк маҳсулотлар ички бозорга чиқарилди. “Нурли йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган тикувчилик корхонасида айни пайтда 150 нафардан зиёд хотин-қиз ишламоқда.

Корхона тикувчилари томонидан таёйрланаётган ўндан зиёд турдаги маҳсулотга талаб ортиб, болалар кийим-кечаклари хорижга экспорт қилинаётир. Бундан ташқари, “Бек кластер” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона ва “Оқолтиндон” акциядорлик жамияти ишчи-хизматчилари ҳамда туман фермер хўжаликлари учун буюртма асосида махсус кийим-бошлар тикиш ҳам йўлга қўйилган.

photo5307911032292878995.jpg

– Икки-уч ой ичида корхонамизда тайёрланаётган болалар сочиқчаларини Россия ва Туркия давлатларига экспортини йўлга қўямиз, – дейди Гулчеҳра Файзуллаева. – Бунинг учун керакли хом ашё ғамлаб, барча зарур ҳужжат ва шартномалар имзоланди.

Корхонада ўқув курси ҳам ташкил этилган бўлиб, ишга қабул қилинган тикувчилар аввал мана шу курсда ўқитилади. Ҳар ойда 20 нафардан зиёд уй бекалари, келинлар, ёш қизлар тикувчилик курсида касб сир-асрорларини пухта ўрганмоқда.

– 52 ёшдаман, 6 нафар фарзандим бор, тўрт нафар қизимни турмушга узатдим, – дейди Сайхунобод тумани Нурли йўл маҳалласида истиқомат қилувчи Гулсара Келдиева. – Уйда қўл машинасида фарзандларимга кийим-кечак, уй-рўзғор ишларида фойдаланиладиган кийим-кечакларни тикиб юрардим. Қишлоғимизда, шундоққина уйимизга яқин жойда тикувчилик корхонасининг очилганини эшитиб, корхона қошида ташкил этилган курсда 15 кун амалиёт ўтаб, замонавий машиналарда тикишни ўрганиб олдим. Мана, ёшлардан ортда қолмасликка ҳаракат қилиб ишлаяпман. 

Корхонадаги яна бир эътиборга молик жиҳат, қишлоқ хотин-қизлари уй-рўзғоридан ажралмаган ҳолда ишлаб, ҳар ой 250-500 минг сўмгача оила бюджетига даромад қўшмоқда.

“Гули модалар дунёси”нинг ўзида қандолатчилик цехи ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда меҳнат қилаётган мавсумий ишчилар тўйларга, байрамларга, турли тадбирларга торт ва 20 дан зиёд қандолатчилик маҳсулотлари тайёрлаб бермоқда. Шу ернинг ўзида ҳам ўндан зиёд қишлоқ хотин-қизларининг бандлиги таъминланган.

– Битирувчи ва вақтинча ишсиз хотин-қизларимизга маҳорат дарсларини ўташ учун бежизга ушбу корхонани танлаганимиз йўқ, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши матбуот хизмати раҳбари Дилором Эсонова. – Гулчеҳранинг бошқа тадбиркор аёлларга ибратли томони шундаки, айнан унинг ташаббуси билан корхонада меҳнат қилаётган ёш болали аёлларнинг иш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида янги лойиҳа амалга оширилмоқда. 

Ҳозирча, бу ерда 10 нафар бола учун уй боғчаси ташкил қилинган. Лекин тиниб-тинчимас тадбиркор, раҳбарлигидаги корхона ва шу ҳудуддаги аёллар оғирини енгил қилиш мақсадида “Асака” банкнинг вилоят филиалидан 3 миллиард 180 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари олиб, тумандаги “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар ҳудудидан 100 ўринли давлат шерикчилиги асосида хусусий мактабгача таълим муассасасини очмоқчи. Ушбу мактабгача таълим муассаси жорий йилнинг май ойида очилиши режалаштирилган. Демак яна 20 та янги иш ўрни яратилади. 2 қаватли, барча қулайликларга эга боллар таълим-тарбия муассасасида сўнги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши қошидаги Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлимининг ташаббуси билан ташкил этилган “Бугуннинг тадбиркор аёли” мавзусида маҳорат дарсида шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Гулистон туманидаги қишлоқ хўжалиги ҳамда Сайхунобод туманидаги Пахтакор маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда шу тумандаги вақтинча ишсиз хотин-қизлар иштирок этган тадбирда Гулчеҳра Фа
йзуллаева ўз тадбиркорлик фаолияти, ишининг сир-асрорлари, янги иш ўринлари яратиш борасидаги амалга оширган ва ошириладиган лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берди. 

“Гули модалар дунёси” тикувчилик корхонаси бичувчиси Элдор Эркинов, иқтидорли дизайнерлар Сурайё Қодирова ҳамда Жамила Ўразова, моҳир тикувчилар Насиба Мусурмонова ва Дилрабо Қаюмовалар матоларни танлаш, қайси мавсумда қандай матолардан кийим-бошлар тикиш, қайчилардан фойдаланиш, тикув дастгоҳларини бошқариш бўйича иштирокчиларга маҳорат дарсларини ўтди.

А.Қаюмов, ЎзА
1 709