ЎзА Ўзбек

02.05.2018 19:16 Чоп этиш версияси

Бугуннинг солномасини яратайлик

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда шу мавзуда тадбир ташкил этилди.

Мамлакатимизда барча соҳалар каби миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйи ва поликлиникаси тубдан реконструкция қилинди. Уюшма қошида “Ижод” жамоат фонди тузилди. Пойтахтимизда Адиблар хиёбони барпо этилди, Ёзувчилар уюшмаси учун янги бино қурилиб, ҳудудларда улуғ адибларимиз номлари билан аталган ижод мактаблари, маданият ва истироҳат боғлари бунёд қилинмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 5 апрелдаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Қарорда уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириш, уларни халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини, эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган туб ўзгаришларни теран акс эттиришга қаратилган юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш борасида аниқ вазифалар белгиланган.

Тадбир мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш, ижод аҳлини юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари билан яқиндан таништириш, меҳнаткаш халқимиз, яратувчан ёшларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи бадиий публицистик асарлар яратиш, ана шу мақсадда уларни мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хизмат сафарларига юборишни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.

Юртимизнинг йигирмадан ортиқ ҳудудида барпо этилаётган саноат объектлари қурилиши, бунёдкор халқимизнинг бу борада олиб бораётган ишлари ҳақида маълумот берилиб, бу иншоотларнинг мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Ўз халқи тарихи, бугуни ва эртанги келажаги учун дахлдорлик ҳисси билан яшаш, ёшларни шу руҳда тарбиялаш ҳар бир фуқаронинг, айниқса, ижодкорларнинг масъулиятли бурчидир. Таниқли ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар сўзга чиқиб, бугунги тарихий бурилиш, ўзгаришлар даврини янгидан-янги шеъру достонлар, қиссаю романлар, кино ва театр асарлари, қўшиқларда акс эттириш, бу тарихий замоннинг ўзига хос солномасини яратишда ҳар бир ижодкор ўз ҳиссасини қўшиши лозимлигини қайд этди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
12 209