ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Бугун матбуотда…

Бугун матбуотда…


“САВОДСИЗЛИКНИНГ ИЛДИЗИ ҚАЕРДА: ЎҚУВЧИГА ТЕЛЕФОН КЕРАКМИ?”

“...Бу йил коронавирус пандемияси ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган офатлар бутун эл-юртимиз қатори ёшларимиз иродасини ҳам синовдан ўтказди. Ана шундай оғир вазиятларда минг-минглаб ўғил-қизларимиз чинакам мардлик ва жасорат кўрсатиб, барча тенгдошларига ўрнак бўлдилар...” — дейилади Президентимизнинг 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригида.

Ушбу мавзуга бағишланган материаллар республикамиз матбуоти саҳифаларида ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, бугун яна бир муҳим сана — Халқаро парламентаризм куни. Халқ сўзи газетасида эълон қилинган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг “Парламентаризм — демократик тараққиётнинг асосий омили” сарлавҳали мақоласида шу хусусда сўз юритилади. Материалда қайд этилишича, парламент муассасалари дунёнинг 190 дан ортиқ давлатларида фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг деярли 70 тасида икки палатали, қолганларида эса бир палатали қонун чиқарувчи органлар иш юритади. Бу жуда муҳим, чунки парламент жамиятнинг турли-туман қатламларини яхлит тарзда бирлаштирадиган ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ёқлайдиган ягона институтдир. Унинг энг бирламчи вазифаси, шубҳасиз, жамиятдаги турли манфаатларни юрт равнақи йўлида бирлаштиришдан иборат. Бундан ташқари, ривожланган мамлакатларда парламент давлат ва жамиятнинг бошқа институтлари билан турли алоқалар тизимини йўлга қўйиш бўйича муҳим коммуникация воситаси вазифасини ўтаб келаётганидан хабаримиз бор. Содда қилиб айтганда, у давлат ва халқ ўртасидаги ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.

БМТ иқтисодчилари жорий йилда жаҳон иқтисодиёти сезиларли пасайишини башорат қилмоқда. CОVID-19 пандемияси ортидан дунё кейинги икки йил ичида қарийб 8,5 триллион доллар даромадни бой бериши кутилмоқда. Тождор вирус туфайли 2020 йилда 34 миллиондан ортиқ одам қашшоқлик чегарасидан тушиб кетиши мумкин, бу кўрсаткичнинг ярмидан кўпроғи Африка мамлакатларига тўғри келади. Узоқ муддатли прогнозга кўра, 2030 йилга келиб ўта қашшоқликда яшайдиганлар сони яна 130 миллион кишига кўпаяди. Пандемия, айниқса, кам маошли, махсус маҳорат талаб қилмайдиган фаолиятга жалб қилинган одамларга жуда қаттиқ таъсир ўтказди. Натижада дунёда бойлар ва камбағаллар, ҳудудлар ва мамлакатлар ўртасидаги даромадлар тафовути янада кенгаяди. Хўш, бу глобал офатнинг таъсири Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатади. Бу ҳақда Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Иқтисодий ислоҳотлар эътирофи: Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2021 йилда 6,6 фоизга ўсишини башорат қилмоқда” сарлавҳали материалда ўқийсиз.

Қайта тикланувчи энергетика соҳаси ривожи мамлакатнинг географик жойлашуви, табиий ресурслар захираси ва иқтисодий имкониятларга чамбарчас боғлиқ. Бироқ барча давлатлар бу борада бир хил салоҳиятга эга эмас. “Правда Востокагазетасида берилган “Зеленая энергетика: что мешает развиваться этому направлению?” (“Яшил энергетика: бу йўналиш ривожига нима тўсқинлик қилмоқда”) сарлавҳали мақолада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ислом Хушвақтов ҳамда Носир Аминовнинг мавзуга доир мулоҳазалари билан танишасиз.

Инсон ва қонун газетасида “Саводсизликнинг илдизи қаерда: ўқувчига телефон керакми?” номли мақола чоп этилган. Унда ёзилишича, ижтимоий тармоқларда саҳифалар бениҳоя кўплиги одамни баъзан жуда чалғитади. Биз, катталар айрим ҳолларда расмий веб-саҳифалар ва расмий бўлмаган нашрларни зўрға ажратиб оламиз. Аммо ёшлар-чи? Турли норасмий саҳифаларда чоп этиладиган материаллар савияси ниҳоятдла саёз. имловий хатолар ва ғализ жумлаларга тўлиб-тошган. Ҳатто ҳақиқатга мутлақо зид хабарларга кўзимиз тушади баъзан. Афсуски, ўқувчи ёшидаги болалар онги ҳар куни мана шундай ахборотлар оқими қуршовида қолмоқда.

Газета саҳифаларидан, шунингдек, “Кечаги кунни унутиб бўлмайди”, “Ўзбек иши: халқ бошида чарх урган қузғунлар”, “Мадад” ННТнинг тажрибали ҳуқуқшуносларидан фуқаролар саволларига ҳуқуқий жавоблар ҳамда бошқа қатор мақолалар ўрин олган.

* * *

Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

ЭСЛАТМА: келаётган якшанбада ҳафта давомида матбуотда қайси мавзулар қандай ёритилганини “Адолат” газетаси Бош муҳаррири Ислом Ҳамроев шарҳлайди.


3 659
ЎзА