ЎзА Ўзбек

14.02.2018 08:02 Чоп этиш версияси

Бугун қандай кун..? Мухбир сўровномаси

Жамоат транспортидаги талаба йигит-қизларнинг ўзаро суҳбати турли мавзуларда борарди. Автобусдаги ёши улуғ отахонга бу бироз эриш туюлди чоғи, уларнинг диққатини тортиш учун сўради:

– Болалар, 14 февраль қандай кун?

– Севишганлар куни-ку! – дейишди кўпчилик.

– Бу куннинг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ, – деди талаба қиз. – Сиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кунни эслатмоқчи бўлдингиз, шекилли.

Бу гап йўловчиларининг дилларига малҳамдек ёқди. Отахон бу гапдан қувониб, Бобур ижодидан тўрт мисра ўқиб берди.

Севишганлар куни эканини фахр билан айтган йигит-қизлар уятдан бироз қизарди.

Бутун дунёда глобаллашув жараёнлари содир бўлаётган бугунги кунда инсон маънавиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган турли мафкуравий таҳдидлар қаторида “Валентин куни” дея нишонланадиган тадбир ҳам бор.

Бу кун гўё икки севишганни бир-бирига яқинлаштирадиган, меҳрини тоблайдиган, ўзаро совға улашиб, кўнгил оладиган байрамдек. Аммо икки қалб учун ғарбона фожеали муҳаббатга тақлид қилиш қай даражада керак? Ёки меҳр-муҳаббат кун танлайдими?

– Айни талабалик давримда шу кунни кўпчилик нишонлаяпти-ку, мен ҳам четда қолмай, деган ўйда бўлганим рост, – дейди Жасур Дўстбеков. – Тиббиёт олийгоҳида бу жуда кенг тарқалган эди. 14 февраль санаси яқинлашганда савдо пештахталари "юракча" шаклидаги совғалар, “валентинка”ларга тўлиб кетарди. Бу ёшларнинг эътиборини тортиши табиий эди. Тўрт йил бу куннинг моҳиятини англаб-англамай нишонлаганман. Кейин турмуш ўртоғимга совға беришим, меҳримни айтишим учун шу кун бўлиши тўғримикин, деб ўйлаб қолдим. Шундоғам биз, ўзбек оилаларида бир-биримизга ҳар куни меҳр кўрсатамиз-ку!

Шукрки, юртимизда бу кунни айнан ўша "ошиқлар пешвоси" исми билан атаб нишонлаш камайди. Инсонийлик туйғулари, асл муҳаббат, оиланинг қадрига етадиган ёшлар бу борада ўз мустақил фикрига эга.

– Бир вақтлар бу жуда авж олган эди, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси Сабоҳат Калонова. – Ҳатто талабаларни ўша кунда тартибга чақириб бўлмасди. Ўз ақлига бўйсунмайдиган оломонга ўхшаб қолишарди. Улар орасида бу нотўғри эканини англаган, бундайларга қўшилмайдиган ёшлар ҳам бўлган. Қувонарлиси, сўнгги вақтларда зукко, кенг фикрли, оқ-қорани ажрата оладиган ёшлар сафи кенгаймоқда.

Тарихга назар ташлаб, улуғ шоҳ ва саркарда Амир Темурнинг Бибихонимга чексиз ҳурматини, Шоҳжаҳоннинг Мумтоз Маҳал бегимга атаб бунёд этган Тож маҳалини, Зулфияхонимнинг турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжонга садоқатини эслашнинг ўзи ҳақиқий муҳаббатни англашимизга ёрдам беради.

Алишер Навоий яратган "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун" достонларини ўқиб, уларнинг ҳар қандай ошиқ тимсолидан юз бор, минг бор устун эканини англаш мумкин.

– Баъзи дугоналарим нишонлайдиган "севишганлар куни"да турмуш ўртоғим совға беришини истаганман, бу ҳақда кўп айтганман, – дейди уй бекаси Дилноза Қурбонова. – Гарчи бу бизга алоқаси йўқ байрам эканини билсам ҳам. Бир неча йил олдин 14 февраль куни турмуш ўртоғим совға олиб келганини эшитиб, жуда қувондим. Бу шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” китоби экан. Шундан сўнг фикрим ўзгарди. Оила, садоқат, меҳр-муҳаббат нима эканини англадим.

Айни вақтда турли кўринишдаги ғоявий хуружлар ёш авлод онгини эгаллашга муттасил уринмоқда. Натижада маънавияти, таълим-тарбиясида бўшлиқ пайдо бўлган баъзи ёшлар алданиб қолмоқда. Улар таҳдидни маданият ёхуд тараққиёт деб билиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда миллийликка ёт усулларни маъқул кўраётир. Ўсмир ёшдаги ўғил-қизларимизда бу жиҳатлар кўпроқ намоён бўлмоқда.

…Қўшнимнинг ўғли ўн етти ёшда. У ўғли харажатларидан ортиқроқ пул сўрайдиган, сабаби билан қизиқса, жаҳл қиладиган, ҳатто сўрамасдан оладиган одат чиқарганини айтиб, руҳшунос сўраганди. Яқинда ўғли ижобий томонга ўзгаргани, фикрлаши, ўзини тутиши, атрофдагиларга муносабати яхшиланганидан қувониб гапирди.

– Шу ёшдан ҳаммамиз ўтганмиз, – дейди Дилбар Отабоева. – Аммо ўғлимда бу бироз қийинроқ кечди. Атрофдагиларнинг таъсирига тез тушарди. Мумкин бўлмаган, ёшига мос келмайдиган ишларга уриниб кўрарди. Унинг нима истаётганини билишга қийналардик. Руҳшунос ва устозлари билан маслаҳатлашиб, кўрган чораларимиз катта ёрдам берди.

Фарзандларимизни Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз уларга ўз мустақил йўлини танлашда ёрдам беради. Ана шунда биз учун мутлақо бегона ғоялар уларга ўз таъсирини ўтказа олмайди. Фақат юксак маънавиятли ёшларнинг келажаги порлоқ, йўли эса ойдин бўлади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
10 974