ЎзА Ўзбек

05.09.2018 17:39 Чоп этиш версияси

Бу йил теримчига 1 кг. пахта учун 300 сўм миқдорида нақд пулда кунлик устама ҳақ тўланади

Бу йил теримчига 1 кг. пахта учун 300 сўм миқдорида нақд пулда кунлик устама ҳақ тўланади
Илгари пахта мавсумида теримчиларга муносиб ҳақ тўланмаган. Еб-ичиш, яшаш шароитлари тўлиқ яратиб берилмаган. Жорий йил бу каби камчиликлар, хатоликларга йўл қўйилмайди. Пахта терувчиларга муносиб ҳақ тўланади. Зарур шароитлар яратиб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида 2018 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Бу йил етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш, йиғим-теримда иштирок этадиган теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш ва пахта етиштирувчи хўжаликларнинг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Илгари пахта мавсумида теримчиларга муносиб ҳақ тўланмаган. Еб-ичиш, яшаш шароитлари тўлиқ яратиб берилмаган. Жорий йил бу каби камчиликлар, хатоликларга йўл қўйилмайди. Пахта терувчиларга муносиб ҳақ тўланади. Зарур шароитлар яратиб берилади.

Маълумотларга кўра, пахтанинг машинада терилган бир тоннаси учун 400 минг сўм хизмат ҳақи тўланади. Қўлда терилган бир килограмм пахта учун биринчи босқичда контрактация шартномаси мажбурияти 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқичда 60 фоиздан 80 фоизгача 850 сўм, учинчи босқичда 80 фоиздан ортганда 1000 сўм меҳнат ҳақи тўланиши белгиланди.

Шу билан бирга, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон, Касби туманлари, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида (пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолият юритаётган ҳудудлардан ташқари) теримчиларни пахта йиғим-теримига қўшимча равишда жалб қилиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қўлда терилган бир килограмм пахта учун теримчига қўшимча 150 сўм устама ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари учун 150 сўм, жами 300 сўм миқдорида нақд пулда кунлик устама ҳақ тўланади. Бу йил пахта терими учун тўланган пулдан солиқ олинмайди. Теримчи тўлиқ меҳнат ҳақини олади. Терим пуллари ҳар беш кунда, зарур бўлганда ҳар куни берилиши таъминланади.

Бу йил пахта йиғим-терими учун 26 мингдан зиёд терим отряди тузилиб, 2 миллиондан ортиқ теримчи жалб этилиши қайд этилди. Хоҳлаган одам ихтиёрий равишда меҳнат таътилига чиқиб, пахта йиғим-теримида иштирок этиши мумкин. Бунда у маълум терим отрядига бириктирилади, меҳнат шартномаси тузилади ҳамда тўлиқ меҳнат ҳақини олиш имкониятига эга бўлади.

Давлат эҳтиёжлари учун контрактация шартномаларида белгиланган миқдордан ортиқча топширган фермер хўжаликларига пахта хомашёси харид нархларига 15 фоиз миқдорида устама тўланади.

Қайд этилдики, 18 ёшга тўлмаган ёшлар, умумтаълим мактаблари ёки бошқа таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари, тиббиёт ходимларини пахта йиғим-теримига жалб этиш қатъиян тақиқланади. Шунингдек, аҳолини мажбуран пахта теримига олиб чиқишга йўл қўйилмайди. Бу ҳол кузатилган тақдирда тегишли жазо чоралари қўлланилади. Теримчиларни тушлик, ичимлик суви билан таъминлаш, пахта майдонига олиб бориш ва олиб келиш фермер хўжалиги томонидан амалга оширилади.

Пахта йиғим-терими мавсумида Вазирлар Маҳкамасидан вакиллар бириктирилиб, маълум ҳудудларга юборилади. Ушбу вакил у ердаги меҳнат шароитларини назорат қилади, методик тушунча ва маслаҳатлар беради, қўйилган вазифаларнинг вақтида ва шаффоф бажарилишини ўрганади. Прокуратурадан бириктирилган ходимлар мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, фермер ва теримчиларнинг манфаатини ҳимоя қилиш бўйича ишларни амалга оширади.

Бош вазир ушбу ишларни тизимли ва уюшқоқлик билан амалга ошириш, одамларнинг онги ва ёндашувини ўзгартириш, тартиб бузилиши ҳолатларида зудлик билан ахборот беришда оммавий ахборот воситалари ҳақиқий ёрдамчи бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Нурилло Насриев, ЎзА
6 809