ЎзА Ўзбек

26.04.2018 12:11 Чоп этиш версияси

Бу йил пилладан уч маротаба ҳосил олиш бошланди. Қашқадарёлик пиллакорлар бунга тайёрми?

Бу йил пилладан уч маротаба ҳосил олиш бошланди. Қашқадарёлик пиллакорлар бунга тайёрми?
Илк мавсумда қашқадарёлик пиллакорлар 33 минг қути ипак қуртини парваришлаб, 1 минг 800 тонна “кумуш тола” олишни режалаштирган.

Ўтган йили вилоятда 50 минг қутидан ошиқ пилла боқилиб, 3 минг тоннадан зиёд ҳосилни йиғиб олиш мақсад қилинганди. Якунда эса олинган ҳосил соҳа мутахассисларини қониқтирмади. 

04.jpg

Вилоят “Агропилла” МЧЖ раиси Ражабали Мейлиев соҳа мутасаддилари олдига ипак қурти учун мавжуд озуқа захираларини, шарт-шароитларни аниқ ҳисоб-китоб қилган ҳолда, баландпарвоз рақамлар эмас, реал вазиятга қараб иш кўриш талаби қўйилаётганини таъкидлайди. Шундан келиб чиқиб, ҳудудлардаги шарт-шароит, озуқа базаси миқдорини ўрганиб чиқилган ва мавжуд имкониятларга асосан ипак қурти тарқатилган. Эндиликда босқичма-босқич тарзда имконият оширилиб, шунга мувофиқ ипак тола етиштириш миқдори ҳам кўпайтирилиб борилади.

Жорий йилдан бошлаб вилоятда ҳам пилладан уч маротаба ҳосил олиш бошланди. Биринчи мавсум айни вақтда давом этаётган бўлса, иккинчи мавсум июль-август, учинчи мавсум эса октябрь-ноябрь ойларига мўлжалланган.

02.jpg

Албатта, бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Бунинг учун етарли шарт-шароит, озуқа захиралари керак. Хўш, вилоятда бу борада қандай амалий ишлар қилинмоқда? 

Вилоят “Агропилла” МЧЖ маълум қилишича, ҳудудда 12 та инновацион пилла боқиш маскани бунёд этилади. Қарши, Косон, Қамаши, Чироқчи туманларида биттадан, Китоб, Касби, Шаҳрисабз ҳамда Яккабоғ туманларида эса иккитадан замонавий пиллахоналар қурилади. Ушбу масканлар ҳар йили камида 3 марта ипак қурти боқиш имконини беради.

05.jpg

Шунингдек, янги тутзорларни барпо этиш эвазига жорий йилда мавжуд тут плантациялари 3 минг 23 гектарга етади. 

06.jpg

2021 йилга бориб 6 минг 300 гектардан ошиқ тутзорлар пайдо бўлади. Бу дегани, айни вақтдаги ҳолатга нисбатан ипак қурти боқиш учун озуқа захиралари қарийб 210 фоизга ошади.

ЎзА
8 607