ЎзА Ўзбек

02.03.2020 Чоп этиш версияси

Бу йўллар гул билан қопланган эмас

Бу йўллар гул билан қопланган эмас

Гулчеҳра Қаршибоева Боёвут туманида яшаб, меҳнат қилаётган бошқа аёллардан кўп ҳам фарқ қилмайди. Номи маҳалладан чиқмаслиги ҳам мумкин эди. Агарда оиласи учун, юрти учун бирор бир каттароқ юмуш бажариш мақсадида юз гектарда фермерликни бошламаган-да.

Мана ўн тўрт йилдан буён Гулчеҳра фермер номини олиб, пахта, ғалла, соя, картошка каби қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириб, яхшигина даромад кўрмоқда. Оиласига ҳам, маҳалла аҳлига ҳам фойдаси тегмоқда.

Ахир, шунча майдонда меҳнат қилиш учун камида қирқдан ортиқ ишчи бўлиши керак. Улар йилнинг ҳамма фаслида иш унумдорлигини ошириш билан шуғулланмоқда. Аслида ҳам тупроғимизнинг ҳар бир қаричи тилла, қунт қилган одам ҳар йили бир неча бор ҳосил олиши мумкин.

Фермер опа ердан самарали фойдаланиш ҳаракатида, алмашлаб экишни йўлга қўйган. Мисол учун, ҳозир беш гектарда экилган кўкатлар апрелда тайёр бўлади ва экспорт қилинади. Ўтган йили ҳам у яхшигина фойда келтирган эди. Бўшаган ерга соя экилади. 120 кундан кейин яна ҳосил йиғиш бошланади.

– Соя етиштириш осон экан, бир вақтлар уни экишдан қўрққан эдик, – дейди Г. Қаршибоева. – Кейинчалик мутахассислардан парвариш сирини ўргандик.Энди беш гектардан 15 тоннагача соя йиғиб оляпмиз. Бу энг юқори ҳосилдорлик ҳисобланади. Уни қайта ишлаш корхонасига тўғридан-тўғри етказиб берамиз. Ундан мой олиш билан бирга дони таркибида ҳайвон оқсилида учрайдиган барча алмашлаб бўлмайдиган аминокислоталар сақланар экан. Шунинг учун соя оқсилидан сут, қатиқ, творог, пишлоқ, турли хил гўштлар, экологик тоза сифатли мой, тухум порошоги (таркибида лецитин моддаси сақлайдиган) олиш мумкин. Чорвачиликда соя маҳсулотлари, энг сифатли ва тўйимли ем-хашак озуқаси ҳисобланади. Мой заводларда мой ажратиб олингандан сўнг қолган шрот жуда фойдали бўлиб, жўжалар учун аминокислоталарга бой озуқа бўлиб, товуқчилик фермаларида тухум сони ортади.

Бу тажрибаларни амалда синаб кўриш истагида фермер опа хўжаликда гўшт йўналишида чорвачиликни ривожлантириш ҳаракатида. Шунингдек, туяқуш парваришни ҳам бошламоқчи. Шу ниятда Меҳнатобод туманига бориб, туяқуш боқиш билан шуғулланаётган Шокиржондан бу борадаги сирларни ўрганди. Балиқчилик ва боғдорчиликни ҳам бошлашни ният қилган фермер “Агробанк”нинг туман филиалидан 80 миллион сўм миқдорида кредит олди.

– Бахтни ҳар ким ўзича тушунади, – дейди Гулчеҳра опа. – Кимдир уни саломатликда кўрса, бошқа биров яхши даромадда, деб билади. Мен эса энг катта бахт — қадр-қиммат, эътиборда, оила ва жамиятга кераклигимизда деб биламан. Олти нафар қизимни турмушга узатдим. Ўғлим мактабда таълим олади. Бир неча йил аввал турмуш ўртоғим вафот этганда ишдан кўнглим қолди. Лекин, фарзандларим учун, хўжаликда меҳнат қилаётган ишчиларнинг оиласи учун ўзимни қўлга олдим. Бугун эса “олтин фермер” бўлиб танилдик.

Опанинг меҳнатдан толиққан чеҳрасига қуёш нурлари чизган суратларга боқиб, ишлаш осон эмаслигини англагандай бўламиз. Албатта, бир техника, бирда сув яна бошқа сафар бухгалтерия масаласи, уруғ топиш, маҳсулот учун бозор топиш мақсадида музокаралар олиб бориш бу каби масалалар бир аёлнинг ҳоритиши бор гап. Ўғлини ёнига киришига эса, ҳали яна ўн йиллар бор.

– Фермерлик осон эмас, – дейди “Болғали Қилич ака” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари. – Ҳамшираликни ташлаб, турмуш ўртоғимнинг ёнида ишлай бошлаганимда буни ҳис қилган эдим. Ҳозир ҳам минг бир ташвишлар ва тортишувлар орасида меҳнат қилиб, ҳосил олмоқдамиз. Бу йўлларда гул билан бирга тиканга ҳам дуч келасиз. Замонга мослашиш, янгиликларни ўз вақтида англаб етиш осон эмас, албатта. Ҳар қалай, замондан ортда қолмаётган бўлсак керакки, ўтган йили вилоятда ўтказилган “Йил аёли” кўрик – танловида пешқадам бўлдик. Кейин “Илғор фермер” мукофотига сазовор бўлдик.

Аёл – буюк зот, яратганнинг мўъжизасидир. Шоир таъбири билан айтганда, бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратадиган аёлга муҳаббат туфайли ҳаётдаги барча гўзалликлар юзага келган. Хотин-қизлар қайси соҳада ишламасин, хоҳ уй бекаси бўлсин, фарзанд тарбиячиси бўлсин, илму ҳунари, нафис диди, меҳру муҳаббати, гулдек қўллари билан ҳаётнинг ҳар бир кунига янада чирой бағишлайдилар.

2 053
Сайёра Шоева, ЎзА