ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Бу уйда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бўрон Гадоев яшайди

Бу уйда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бўрон Гадоев яшайди

Ургут тумани Сатанг маҳалласидаги хонадонлардан бирининг дарвозасига ана шундай ёзув битилган. Бугунга келиб бундай тахтачалар қўйилган дарвозалар камайиб кетгани туфайли, кишилар бу хонадонларга ўзгача ҳайрат ва ҳавас билан қарайди.

– Бўрон бобо туманимизда ҳаёт бўлган икки нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг бири, – дейди Сатанг маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рўзи Маҳмудов. – Шунинг учун отахон бугун нафақат маҳалламиз, балки туманимизнинг ҳам фахри. Бу йил карантин сабабли Бўрон бобонинг ҳовлисига кириб-чиқувчилар кам, йўқса, 9 май арафасида бу хонадон ҳар куни туманимизнинг турли ҳудудларидан келувчи ўқувчи-ёшлар, жамоатчилик вакиллари билан тўлиб тошарди. Шундай бўлса-да вилоят ва туман раҳбарлари, Мудофаа вазирлиги масъуллари келиб, фахрийнинг ҳолини сўраб туришибди. Ўзимиз ҳам тез-тез йўқлаймиз, дуосини оламиз.

photo_2020-04-27_21-23-39.jpg

Бу йил 98 ёшни қарши олган Бўрон Гадоев 1942 йилда фронтга сафарбар этилган.

– 2-Беларусь фронти 91-бригадасида инженер-сапёр бўлганман – дейди Бўрон бобо. – Олти ой командирлар тайёрлаш гуруҳида ўқитишган, кейин фронтга жўнатишди. Уч йил урушнинг қайноқ ўчоқларида ҳар қадам, ҳар лаҳзада ўлим шарпасини сезиб юрганмиз. Эҳ, у кунларнинг ҳар бири аччиқ хотиралар билан ёдимизда қолган. Эсласам, ўша ерларда вафот этиб, қолиб кетган қуролдош дўстларим, ёш-ёш йигитлар кўз олдимга келади. Улар ҳаётга келиб нима кўрди? Мен ҳам бир неча бор жароҳатландим, лекин Аллоҳ ризқимни бутун қилган экан, жоним омон қолди.

photo_2020-04-27_21-23-43.jpg

Отахон ғалабадан кейин ҳам яна икки йил ҳарбий хизматда қолиб, уруш оқибатларини бартараф этишда қатнашди. 1947 йилдагина қишлоғига қайтиб, оила қурди, мактабда ўқитувчилик қилди.

– Қарийб эллик йил муаллимлик қилдим, мактабни бошқардим, ёшларга таълим-тарбия бердим, – деб сўзида давом этади Б.Гадоев. – Худога шукр, барча соҳаларда ишлайдиган шогирдларим кўп. Улар ҳам бугун улуғ ёшларга кириб қолди, ҳалиям ишлаётганлари бор. Йўқлаб туришади, хурсанд бўламан. Шогирдларимга, бугунги ёшларга кўп айтаманда – бундай тинч-хотиржам замон ҳеч қачон бўлмаган.

photo_2020-04-27_21-23-32.jpg

 Ўқиш ва ўқитиш учун ҳам шароит ўзига яраша эди. Айрим одамлар ҳозир юртимизда эълон қилинган карантиндан нолиб қолади. Бу ҳаммаси одамларнинг саломатлиги учун-ку. Мана шундай пайтда одамлар иродасизлик қилмай, айтилаётган қоидаларга амал қилиши керак. Ўзим ҳам ҳар куни Яратгандан тани-сиҳатлик, хотиржамлик сўрайман. Бошқа нарсаларга меҳнат билан эришиш мумкин. Лекин танингиз соғ бўлмаса, уйда, юртда хотиржамлик бўлмаса кўнгилга ҳеч нарса сиғмайди-да. 

Хотиржамлик учун бугун ҳамма ҳамжиҳат бўлиши керак. Уруш давридаги ёки очарчилик пайтидаги машаққатлар олдида бу синовлар ҳеч гап эмас. Ўзим ҳам шуларни ўйлаб, ҳозирги ҳаётимиздан, кўрсатилаётган иззат-икромдан хурсанд бўламан. Беш фарзанд ўстириб, ҳаммасини уйли-жойли қилдим. 24 набира, 80 эвара, 11 чеварам бор. Худога шукр, ҳажга бориш насиб этди. Бултурги байрамда вилоят ҳокими, яна кўп раҳбарлар уйимга келиб табриклади. Тошкентдан, Мудофаа вазирлигидан ҳам одам келди. Туманимиз ҳокими тез-тез келиб туради. Анча қариб қолдим, лекин ҳаётимдан мингдан-минг розиман! Сизларга ҳам менинг ёшимга кириш насиб этсин, илоҳим.

photo_2020-04-27_21-23-36.jpg

2 380
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА