Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 12:01 Чоп этиш версияси

Бу уйда байрамлар энг кўп нишонланади

Жиззах шаҳрида байрамлар кўп бўладиган бир уй бор. Бу уйда йил давомида туғилган кунлар, спорт мусобақасида эришилган ютуқлар, турли шодиёналар ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди.

– Барча ота-она боласининг ютуғидан қувониб, уни оила даврасида нишонлагиси келади, – дейди 29-сонли Меҳрибонлик уйи директори Норқул Тоғаев. – Муассасамизда 95 нафар бола бор. Ҳар бирининг туғилган куни, илк бор биринчи синфга бориши, спортда ва бошқа танловларда эришган ютуқлари ака-укалари, опа-сингиллари даврасида нишонланади. Бундай қувончли кунларни катта оиланинг барча аъзолари билан баҳам кўриш уйимизнинг энг яхши анъанаси. Халқаро болалар куни биз учун энг катта байрам.

Норқул ака “уйим”, “болам”, “ўғлим”, “қизим” сўзларини ушбу муассасага раҳбар бўлгани учун эмас, аслида, ўзини шу уйнинг отаси, барча болаларни ўз боласидай кўргани учун қўллайди. Ўзи ҳам мактаб-интернатда вояга етганиданми, катта уйда чинакам оилавий муҳитни шакллантирган.

Бу фазилат катта уйнинг бошқа аъзолари – тарбиячи оналар, тарбиячи опалар, акаларда ҳам бор. Меҳрдан меҳр пайдо бўлади. Катталарнинг “болам, болажоним” деган меҳри кичкитойлардан, “отажон”, “онажон” бўлиб қайтаётир. Бир оила аъзоларининг байрам ва унутилмас кунларни биргаликда нишонлаши бир-бирларига бўлган меҳр ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Оддийгина ҳол. Оилада бўладиган баъзи етишмовчилик, боланинг нимагадир эриша олмаслиги, унинг кўнгли ўксишига сабаб бўлиши мумкин. Давлатимизнинг ота-она меҳридан марҳум бўлган болаларга кўрсатаётган ғамхўрлиги туфайли муассасада тарбияланаётган ўғил-қизларнинг ҳеч нарсага зориқмай, хеч кимдан кам бўлмай вояга етиши учун барча шароит яратилган.

Икки қаватли бинодаги ётоқхоналар оддий ётиш жойи эмас, икки хоналик росмана шинам уйлардан иборат. Ҳар бир хона иситиш тизими, мебель ва бошқа замонавий жиҳозлари билан таъминланган.

Тарбияланувчиларнинг еб-ичиши, кийимидан тортиб, китоб дафтаригача давлат томонидан таъминлаб берилаётир. Президентимиз томонидан ўтган йили янги автобус, “Дамас” автомашинаси, 15 компьютер жамланмаси, 5 янги русумдаги телевизор, 92 номдаги 500 дона бадиий китоб совға қилинди. Муассаса ҳудудида сунъий қопламали футбол майдончаси қуриб берилди.

Тарбиячиларни қувонтирадиган муваффақиятлар эса анчагина. Болалар мактабда олган билимларини шаҳар, вилоят, республика миқёсидаги танлов ва мусобақаларда эришган ютуқлари билан кўрсатиб, тарбиячиларни қувонтиришади.

Болаларнинг ўқиши, қизиқиши, ҳавас ва иқтидорига мос шароитлар яратилгани боис, улар ҳам тенгдошларидан кам бўлмай вояга етмоқда. Шаҳардаги 1 ва 2-мусиқа ва санъат мактаблари тўгаракларига 63 нафар бола қатнашаётир. Шунингдек, “Баркамол авлод” болалар маркази томонидан ташкил этилган авиамоделчилар тўгарагининг 12 нафар аъзоси бор. 27 нафар бола спортнинг қўл жанги, турон яккакураши тўгаракларида малакали мураббийлардан сабоқ олмоқда.

Болалардаги қизиқиш ва интилиш тўғри йўналтирилаётгани уларнинг иқтидорини камол топтиришда, шубҳасиз, яхши самара бермоқда. Жорий йилда “Камалак” жилоси республика расмлар кўрик-танловида 12 ёшли Зоя Кузнецова биринчи, 8 ёшли Акмалжон Сувонов иккинчи ўринни эгаллади.

Спорт соҳасидаги ютуқлар ҳам салмоқли. Бу йил 9-синф ўқувчиси Шоҳрух Ўролов қўл жанги бўйича Республика турнирида биринчи, халқаро турнирда иккинчи ўринни олди. 7-синф ўқувчиси Қувончбек Нуриддинов Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро бокс турнирида иккинчи ўринни эгаллади.

Болаларнинг ёзги таътилни кўнгилли ўтказишлари айни кундаги асосий масаладир. Муассасанинг Зомин тоғ бағрида жойлашган “Лочин” оромгоҳида ўтган йилларда катта қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилиб, энг намунали дам олиш масканига айлантирилди. Болалар ёз бўйи сойнинг зилол сувида чўмилишдан ташқари, сузишни ўрганиши учун махсус сув ҳавзаси ҳам бор. Таътил даврида Самарқанд, Тошкент шаҳарларига, вилоятнинг хушманзара жойларига саёҳатга бориш эса анъанага айланган.

Мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг таъминлангани фарзандларимизнинг хеч кимдан кам бўлмай вояга етишига асос бўлиб хизмат қилаётир. Буни ушбу муассаса болаларнинг тўкис, мазмунли, қизиқарли, болаликнинг барча қувончларидан баҳраманд ҳаёти ҳам кўрсатиб турибди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 941