ЎзА Ўзбек

17.05.2020 Чоп этиш версияси

Бу шундай ҳукм бўладики, ўқилса, шикоятга ўрин қолмайди

Бу шундай ҳукм бўладики, ўқилса, шикоятга ўрин қолмайди

“Ҳа, менинг Ватаним бор, — дейди Франц Кафка. – Бу – немис тили.”

Тил – Ватан. Тил – Халқ.

Тилнинг қаддини тиклашдай улуғ ишда аллақаерлардаги миллатчиларнинг қора соялари билан тортишишдан эса маъни йўқ.

Бизнинг заруратсиз тушираётган қамчиларимиз жонсиз сояга таъсир қилмагани ҳолда (таъсир қилганида нима ўзгарарди? Улар тилимиз борасида “тарбияланиб” қолармиди?) олисда туриб отилган тошлардан бошимиз ёрилаётгандай ҳис қилаяпмиз ўзимизни. Ҳар қалай, вазият ана шунга ўхшаш руҳий манзарани эслатаяпти.

Тасаввур қилинг, Онаизорингизни хўрлаяптилар. Сиз унинг Яратган берган қадрини тиклаш учун масалани муҳокамага қўясизми?! Унинг мақомини белгилаш учун унга душман бўлган ўша кучларга қулоқ солиб ўтирасизми?!

Ҳамма нарсани муҳокама қилиш мумкин, лекин бизнингча, Онанинг мақомини тиклаш масаласи муҳокама қилинмаслиги керак.

Бу борада худди французлардай “Ҳукм қатъий – шикоятга ўрин йўқ!” қабилида иш тутилиши шарт. Аслини олганда, бизда бундан бошқа йўлнинг ўзи йўқ. Кўрдик, Давлат тилининг қадри сиёсий йўл билан ўрнига қўйилмаса, унинг қаддини меҳр-муҳаббат билан тиклаб бўлмас экан.

Аммо, тилга бўлган меҳр-муҳаббатимиз ҳаққи-ҳурмати ҳаяжонланаяпмиз, эҳтиросларга берилаяпмиз, ва оқибатда, уларга бундай “материаллар”дан масаллиқ ўрнида фойдаланишлари учун имкон яратаяпмиз.

Токи гап Она тили ҳақида, унинг асл мақоми ҳақида кетаётган экан, гапни қўйиб, ишни охирига етказиш керак.

Акс ҳолда, сояга ураётган қамчиларимиз иродасизликнинг, қатъиятсизликнинг, кучсизликнинг ифодаси ўлароқ “зувуллаб” тураверади.

Мустабидлар қўлида шаҳид кетган буюк шоиримиз Чўлпон халқ бошига келган қора кунларни бутун вужудидан ўтказди. Халқнинг турмуш тарзида ижтимоий мутеликнинг минг бир шаклини кўрди. “Қора булутлар...” балоси ёки “Тошлоқда беҳуда чопиш”нинг касофатини наинки шеърларида башорат қилди, шунингдек, таржималарига-да, эркнинг руҳини сингдирди. У Криловнинг масалини она тилига ўгираётган пайтда ҳам юрагида ана шу улкан дард бор эди:

“Дарахтнинг бўшини қурт ейди доим,
Тарихда мисоллар жуда кўп бунга...”

Нурулла Нарзуллаев

6 684
ЎзА