ЎзА Ўзбек

04.06.2018 19:12 Чоп этиш версияси

Бу мусобақада мағлублар бўлмади...

Унда дўстлик, аҳиллик, қатъият, ирода, ўз-ўзига бўлган ишонч, матонат ғалаба қозонди. Пойтахтимизда Мурувват ва Саховат интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича республика васийлик кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган спорт мусобақасида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги Мурувват интернат уйларининг тарбияланувчилари фаол иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов, жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Исроилов, маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида аҳолининг барча қатламлари, айниқса, болалар манфаатларини аниқ, манзилли тарзда ҳимоялашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Халқаро болалар кунига бағишлаб ўтказилган мазкур тадбирни юксак савияда ташкил этишда Соғлиқни сақлаш, Маданият, Ички ишлар, Молия, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Касаба уюшмалари федерацияси, "Соғлом авлод учун", "Маҳалла" фондлари, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти, Миллий олимпия қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар муносиб ҳисса қўшди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги Мурувват уйларидаги болаларни спортга жалб этиш, уларнинг саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу масканларда ўйин-машғулот хоналари, психологик, сенсор хоналар, спорт заллари ва майдончалар, компьютер хоналари ташкил этилиб, улар замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Буларнинг барчаси алоҳида эҳтиёжли болаларнинг ҳаётий кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

2004 йилдан буён Мурувват уйларида тарбияланаётган алоҳида эҳтиёжли болалар ўртасида спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, алоҳида эҳтиёжли болалар ўртасида спортни янада оммалаштиришдан иборатдир.

Болалик ва спорт байрамига айланган мазкур мусобақада Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги Мурувват уйларининг тарбияланувчилари фаол қатнашди. Иштирокчилар икки – футбол ҳамда "Қувноқ стартлар" мусобақаларида ўзаро куч синашди.

Мусобақа якунида иштирокчи болалар медаль ва фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари билан тақдирланди. Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт байрамга янада завқ бағишлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 288