ЎзА Ўзбек

03.05.2020 Чоп этиш версияси

«Бу ерда коронавирусга бефарқлик билан қаралди» — Швейцарияда таҳсил олаётган юртдошимиз билан суҳбат

«Бу ерда коронавирусга бефарқлик билан қаралди» — Швейцарияда таҳсил олаётган юртдошимиз билан суҳбат

Бугунга келиб Швейцарияда қарийб 30 минг киши коронавирусга чалинган ва 25 мингга яқин инсон ундан соғайган. 1473 нафар ўлим ҳолати қайд этилган. 9 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган мамлакат учун бу жуда катта рақам.

photo5294289315880349192.jpgНега, Швейцария коронавирусга бефарқ муносабатда бўлди? Карантин ҳолати ва ундан қачон халос бўлиш мумкин? Шу ва бошқа саволлар билан у ерда истиқомат қилаётган юртдошимиз билан суҳбат ташкил этдик.

Жалолиддин Хушвақтов Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган University of Genevaнинг Кимё факультети магистратура босқичида таҳсил олмоқда. У кўплаб талабалар сингари коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонга қайтишни маъқул топмади. Аксинча, Женевада қолиб, дарсларни онлайн тарзда давом эттирмоқда.

– Хўш, дастлаб ушбу вируснинг сиз таълим олаётган мамлакатда тарқалиши ҳамда инсонларнинг унга муносабати ҳақида гапирсангиз.

– Франция ва Италияда вирус аниқланганидан сўнг бизда ҳам ваҳима бошланди. Март ойидан бошлаб ҳаёт сустлашди. Одатда шанба ва якшанба кунлари одамлар билан тўла бўладиган кўчалар бўшаб, 16 мартдан ҳукумат мамлакатда карантин эълон қилди. Ўз навбатида инсонларга карантин билан боғлиқ барча тавсиялар берилди. Яъни жамоат жойларига бормаслик, ниқоб тақиб юриш каби ҳолатлар кўп давлатларда мажбурий равишда амалга оширилган бўлса, Швейцарияда шунчаки тавсиялилигича қолди. Бу ерда коронавирусга бефарқлик билан қаралди. Бироқ, бутун дунёдаги эпидемиологик вазият тобора қўрқинчли тус ола бошлагач ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига асосланиб, бу ерда ҳам одамлар карантин талабларини ўзлари учун қонундек қабул қила бошладилар.

Бугунги кунда эса мамлакатда вазият анча барқарор. 26 апрелдан бошланган III босқичли карантиндан чиқиш жараёнлари айни пайтда жадаллик билан кетмоқда. Сартарошхона, гўзаллик салонлари каби ижтимоий ҳаёт учун муҳим бўлган хизмат кўрсатиш тармоқлари ўз фаолиятини бошлаган. Ҳукумат II босқични 11 майга режалаштирган. Бунда бошланғич синф ўқувчиларининг дарс жараёнлари ва бошқа соҳалар тикланиши режалаштирилган. III босқич эса 8 июндан кучга кириши таъкидланмоқда. Бунда олий таълим муассасаларида ҳам дарслар бошланиши режалаштирилган.

– Сиз таҳсил олаётган Женева университетида мазкур пандемияга қарши қандай ишлар амалга оширилди?

– Бизнинг университетда илк чоралар март ойидан бошлаб амалга оширилди. Раҳбарият онлайн дарсларга жиддий тайёргарлик кўра бошлади. Ўзини соғлом деб ҳисоблаган талабалар дарсга келиши, турли симптомлар мавжуд бўлган талабалар эса уйда қолишлари тавсия этила бошланди. Шу билан бирга узоқроқ ҳудуддан келиб ўқийдиган талабалар учун масофавий дарслар ташкил этилиши ҳам айтилди. 16 мартга қадар университет истовчилар учун онлайн дарсларни ташкил этиб борди.

– Женева университетида таълимни онлайн шаклга ўтказиш жараёнлари қандай кечди?

– Алоҳида таъкидлаш жоиз, онлайн таълим жараёнлари бизнинг университетда аввалдан шаклланган эди. Лекин, оммавий тартибда масофавий таълимга ўтиш бир қанча қийинчиликларни туғдирди. Айниқса, бу ёши катта ўқитувчиларда сезилди. Нафақат улар балки биз ҳам аввалига муқобил платформа, сайт ва дастурларни танлашга иккиландик. Бугун ҳамма қатори биз ҳам ZOOM иловасидан фойдаланяпмиз. Тўғри, бошида интернет ёки компьютер билан боғлиқ техник муаммолар бўлди, бироқ ҳозир ҳаммаси яхши.

26477160-8159327-image-a-19_1585301658163.jpg

26477132-8159327-The_illumination_was_set_up_by_Swiss_light_artist_Gerry_Hofstett-a-31_1585305973806.jpg

26477138-8159327-image-a-11_1585301464666.jpg

85785456534.jpg
Швейцария байроғи рангидаги турли хил ёзувлар орқали
нур билан инсонларга умид улашилди

– Демак, университет дарсларни тўлиқ онлайн шаклга ўтказди. Аммо буни таълим сифатига қандайдир таъсири сезилдими?

– Тан олиш керак, онлайн дарслар таълим жараёнларимга бироз салбий таъсир кўрсатди. Чунки мен асосий фанларни биринчи семестрда ўқиб, иккинчи семестрда эса кўпроқ лаборатория машғулотларини ўтказишни режалаштирган эдим. Бироқ, ҳозир бунинг иложи йўқ. Шу жиҳатни инобатга олмаганда қолган барчасини яхши дейиш мумкин. Яна шуни алоҳида таъкидлашим лозим, университет бизни онлайн таълим олишимиз учун барча имкониятларни тақдим эта олди. Онлайн тартибга ўтганимизда университет иш жойидан айрилган ёки техник имконияти мавжуд бўлмаган талабалар учун ёрдам беришини айтди. Тўғри, биз ҳали ёрдамга эҳтиёж сезганимиз йўқ, лекин, бу ҳар бир талабани руҳлантирди.

– Бутун дунёда эпидемиологик вазият жиддий тус олгач, барча давлатлар, хусусан, Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларини турли давлатлардан махсус рейслар орқали мамлакатга қайтарди. Сизда ҳам қайтиш имконияти бор эди.

– Жудаям кўп йўллар орқали Ўзбекистонга қайтиш мумкин эди. Бунга имконим ҳам бўлган. Ҳатто, ота-онам ҳам уйга қайтишимни истади. Лекин дўстларим менга мана шу ерда қолишни таклиф этди. Касаллик юқтирмаганим, аммо уйга етиб боргунгача бўлган жараёнларда касаллик юқтириб олишимни уйлаб, мана шу ерда қолишни маъқул топдим. Бугунги вазиятдан келиб чиқсак, бу энг тўғри қарор эди. Вазият барқарорлашиб, ўқув машғулотлари тугагач, албатта, Ўзбекистонга қайтаман.

Исфандиёр БУРГУТБОЕВ суҳбатлашди.

18 343
ЎзА