ЎзА Ўзбек

28.05.2020 Чоп этиш версияси

Буғдойзорлар атрофида чекиш, очиқ оловдан фойдаланиш мумкин эмас

Буғдойзорлар атрофида чекиш, очиқ оловдан фойдаланиш мумкин эмас
Ғалла – 2020

Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ғалла ўрим-йиғими мавсумига тайёргарлик ишларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларнинг тўлиқ бажарилишига қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вилоятда 101 минг гектардан зиёд ер майдонидаги бошоқли дон экинлари пишиб етилиб, эрта-индин ўроқ тушиш арафасида. Галдаги муҳим вазифа – етиштирилган мўл ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиб олиш.

Ўрим-йиғим мавсумининг тез ва талафотсиз ўтиши биринчи навбатда техника ва механизмларнинг созлигига боғлиқ. Шу мақсадда ўрим-йиғимда иштирок этадиган 294 ўрим комбайни, 325 юк ташувчи автомобиллар фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари томонидан ёнғин хавфсизлиги бўйича техник кўрикдан ўтказилиб, аниқланган носозликлар бартараф этилди. Барча техникалар ёнғинга қарши воситалар билан таъминланди.

photo_2020-05-28_20-58-01.jpg

Ўтказилаётган техника кўриклари ва амалий машғулотларда ўрим-йиғим мавсумида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қилиш юзасидан тегишли тушунчалар берилди.

Фермерлар, уларга хизмат кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги корхона ва ташкилотлари вакиллари иштирокида ғалла ўрим-йиғим мавсумига тайёргарлик кўришда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.

– Буғдойзорлар атрофида чекиш, очиқ оловдан фойдаланиш ёки далада таъмирлаш ишларини олиб бориш каби ҳолатлар ҳам ёнғинга сабаб бўлиши мумкин, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин назорати ва профилактикаси бўлими бошлиғи, майор Тўлқин Мамадиёров. 

photo_2020-05-28_20-58-05.jpg

– Аҳоли, мавсумда иштирок этувчи ходимлар ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан тарғибот тадбирларини ўтказдик. 

Ўрим майдонлари яқинида навбатчиликни ташкил этиш, комбайн, трактор ва бошқа транспортларга махсус автоуловлардан ёқилғи қуйиш, тунги пайтларда ёқилғи қуйишни чеклаш каби ёнғиннинг олдини олувчи ҳолатларга риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, экинзорларда ёнғин рўй берганида қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатларини ташкил этиш мақсадида ёнғин ўчириш машғулотлари ҳам ташкил этилди. Ушбу машғулотларда кўнгилли ёнғин ўчириш дружиналари аъзоларининг ҳам иштироки таъминланиб, уларнинг билим ва кўникмалари оширилмоқда.

3 073
Т.БEКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБEКОВ (сурат), ЎзА