ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Бройлeр товуқ боқинг ва миллионeр бўлинг

Бройлeр товуқ боқинг ва миллионeр бўлинг

Паррандалар нафақат гўшти, тухуми, балки пати учун ҳам боқилади. Бу соҳа ҳозирга келиб чорвачиликдаги асосий йўналишлардан бирига айланиб улгурди. Бунинг сабаби – парранда боқиш катта харажат талаб қилмайди, сақлаш иншоотлари жуда оддий. Мутахассислар фикрича, иқтисодий етакчи давлатларда ҳам паррандачиликка катта эътибор қаратилади. Чунки айнан паррандачилик аҳолини гўшт, умуман, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда асосий аҳамият касб этади, шунингдек, аҳолини иш билан банд бўлишига ҳисса қўшади.

Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадда Шўрчи туманидаги «Шалдироқ» маҳалласида 2014 йил балиқчиликка ихтисослашган «Мир Голден ФИШ» фермер хўжалиги негизида паррандачиликка ихтисослашган кооператив ташкил этилди.

«Дастлаб ўзимиз 10 дона бройлер жўжани боқиб тажрибада синаб кўрдик. Меҳнатимиз бесамар кетмади. 45 кунда яхшигина даромад олдик. Ундан сўнг секторимиз раҳбарининг амалий ёрдами билан фермер хўжалигимиз негизида паррандачиликка ихтисослашган кооператив ташкил қилиб, 35 кишини бандлигини таъминлашга эришдик. Бройлер товуқ боқиш истагини билдираётган маҳалладошларимизга 15-17 кунлик жўжаларни етказиб беряпмиз», дейди кооператив раҳбари Даврон Пирматов.

photo_2020-07-11_12-03-25.jpg

Дарҳақиқат, даставвал бройлер жўжаларни 15-17 кунлик бўлгунча ўзи парваришлаб, ундан сўнг ишли бўлиш истагидаги маҳалладошига етказиб бераётган Даврон Пирматов товуқлар учун кунлик озуқаларни ҳам етказиб бермоқда. Бу эса товуқ боқиш истагини билдираётганлар сонини кўпайишига хизмат қилмоқда.

«Дастлаб боқилиши маҳаллий товуқлардан фарқ қилишини ўйлаб иккилана-иккилана тажриба учун беш дона бройлер жўжаларни боқишга киришдик. Буни қарангки, бройлер жўжаларимиз 28 кун деганда истеъмол қилишга тайёр маҳсулотга айланди. Қулай томони биз товуқларни парваришлаш учун умуман харажат қилмадик. Парваришлаган ҳар бир товуғимиз учун 15 мингдан, 28 кунда 500 дона товуқни парваришлаганимиз учун эса 750 минг сўм маош олдик. Айни кунда мингдан зиёд бройлер товуқларни боқяпмиз», дейди Ўроль Юсупов.

Дарҳақиқат, паррандачилик – етти хазинанинг бири. Эндиликда кооперация асосида маҳалладаги хонадонларда парранда боқиш тажрибаси кенг жорий этиладиган бўлди.

Нигина ШОЕВА

3 816
ЎзА