Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2018 12:02 Чоп этиш версияси

Британия музейи мутахассислари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашади

Британия музейи мутахассислари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашади Музейлар инсоният тараққиётининг турли босқичларини намоён қилувчи, ўтмишнинг ҳам шонли, ҳам суронли воқеа ва ҳодисаларига гувоҳ бўлган, тарихни ойнадек акс эттирувчи ибрат масканларидир. Бундай маънавият гўшаларига ташриф буюрган киши борки, мозий манзилларини сарҳадсиз сайр қилади, ўзи учун олам-олам маъно ва хулоса олади. Дунёнинг қайси чеккасидаги музейга борманг, Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар энг ноёб ашёлар сифатида қадрланишига гувоҳ бўласиз. Жумладан, жаҳоннинг етакчи музейларидан бири бўлган Британия музейида ҳам.

Лондонда қатор учрашув ва музокаралар ўтказаётган Ўзбекистон делегацияси Британия музейига ташриф буюрди. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази раҳбарларидан иборат делегацияни Британия музейи директори Ҳартвиг Фишер қабул қилди.

Британия музейи ўзида 8 миллиондан зиёд ашёларни тўплаган бўлиб, ҳар йили бу ерга 7 миллионга яқин киши ташриф буюради.

Учрашувда юртимизнинг қадимий, бой тарихи, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий мероси жаҳон тамаддунига беқиёс улуш қўшгани, бугун мамлакатимизда халқимизнинг чинакам ифтихори бўлган ана шу хазинани асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш, унинг ноёб ғоя ва қадриятларидан истефода этган ҳолда келажак авлодга ҳам етказиш ишига юксак эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда сўз олган Британия музейи масъуллари Жонатан Табб, Ладан Акабарниа, Фаҳмида Сулаймон, Жон Виллямс ушбу ҳамкорлик икки томон учун ҳам ғоят манфаатли эканини қайд этдилар.

“Ташрифингиздан жуда хурсандмиз. Ўзбекистон билан алоқалар ҳамкорликнинг янги эшикларини очади”, - дейди Яқин Шарқ тўплами раҳбари Жонатан Табб. “Менинг ҳаётимда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга бўлган. “Амударё хазинаси” деб номланган экспонатлар музейимизнинг юраги десам, хато бўлмайди. Айни вақтда, “Амударё хазинаси”нинг янги каталоги устида иш олиб бормоқдамиз. Бу борада ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз”.

Марказий Осиё маданий меросини тадқиқ этаётган яна бир олим Фаҳмида Сулаймон Ўзбекистоннинг бой маданияти ҳали ҳам дунёни ҳайратга солишга қодир эканини таъкидлаб, жумладан шундай деди: “Европа жамоатчилиги, айниқса, илмий доиралари ислом маданияти XIX асрга келиб ривожланишдан тўхтаган, деган фикрни ёқлайди. Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонга ташриф буюрган киши борки, бунинг аксини кўради”.

Британия музейи мутахассислари Ўзбекистон тарихига оид экспонатларнинг ёзув-шарҳларини мамлакатимиз олимлари билан биргаликда тайёрлайдиган бўлди.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини изҳор этдилар. Музокаралар натижасида Британия музейи ходимларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, музей фондида сақланаётган мамлакатимиз тарихига оид нодир экспонатларни тадқиқ этиш, каталогларини яратиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг Британия музейида амалиёт ўташларини жорий қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

ЎзА
8 786