Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 22:02 Чоп этиш версияси

Браконьерлар ноёб ҳайвонларни овлашда gps-трекерлар маълумотидан фойдаланмоқда

GPS-трекерлар сингари замонавий технологиялар қонун билан муҳофаза этиладиган ноёб ҳайвонларни ҳимоя қилишда кенг қўлланилади. 

Уларга ўрнатиладиган кузатув мосламалари ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатлари ва кўчиш траекториясини қайд этишга ёрдам беради. Ўз навбатида, браконьерлар ҳам техник тараққиётдан ортда қолмаган ҳолда, ушбу мосламаларни бузиш йўлларини ўзлаштирди.

“Лаборатория Касперского” халқаро компаниясининг маълумотларига кўра, шу йўл билан олинган маълумотлар жиноятчиларга ноёб ҳайвоннинг жойлашувини бир неча метргача бўлган масофада аниқлашга ёрдам беради. Ушбу ҳайвонларни ҳимоя қилишда қўлланиладиган GPS-трекерлар айни дамда уларнинг бутунлай йўқолиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Дастлабки трекерлар бундан бир неча ўн йилликлар олдин пайдо бўлган. Замонавий GPS-узатгичлар аввалгиларидан фарқли ўлароқ ихчам бўлиб, аккумуляторни доимий тарзда алмаштириб туришни талаб этмайди ва қуёш батареялари ёрдамида узоқ вақт ишлай олади. Айни пайтда сифатли ва кўп йил хизмат қиладиган спутник маяклари жуда қиммат бўлиб, фақат алоҳида турга мансуб, яъни камайиб бораётган ҳайвонлар учунгина харид қилинади. Бунинг устига трекерлардан олинган маълумотлар олимларнинг илмий қизиқишини қониқтирибгина қолмай, балки қўриқхона ходимлари учун ҳайвон хавф остида эканидан хабар берувчи восита бўлиб хизмат қилади.

Афсуски, GPS-узатгичлар ва аккаунтларига келиб тушадиган ахборотни ҳам бузиш мумкин. Демак, ёвуз ниятли кимсалар ҳайвоннинг жойлашуви ҳақида хабар топиши ҳам мумкин. Қора бозорда шундай ҳайвонлар танасини сотиш эвазига мўмайгина даромад олиш мумкин, шунинг учун ҳам браконьерлар хакерларнинг энг қиммат хизматларидан фойдаланишга ҳам тайёр.

Бугунги кунда қимматбаҳо GPS-трекерлари бузилган ҳолатлар ҳали қайд этилмаган бўлсада, камёб ҳайвонларга ҳужум қилиш ҳоллари ҳамон учраб тургани кишини хавотирга солмоқда.

Масалан, 2012 йилнинг декабрь ойида GPS-трекерли бўйинбоғ Йеллоустоун миллий боғидаги 832F-рақамли бўрининг қурбон бўлишига сабаб бўлди. Тўда йўлбошчиси бўлган бу бўрининг ҳаётини 17 йил давомида нафақат тадқиқотчилар, балки ёввойи табиатнинг ўн минглаб мухлислари ҳам кузатиб борди.

Эҳтимол бўрининг ўлимига унинг машҳурлиги сабаб бўлгандир. 832F-рақамли бўри ва бошқа турдаги радиомаяк тақилган яна саккизта бўрини маҳаллий овчилар уй ҳайвонларига таҳдид солмоқда, деган фикрда кузатиб борган. Лекин овчилар қандай қилиб айнан 832F-рақамли бўрини топишга муваффақ бўлгани ҳануз маълум эмас. Эҳтимол улар унинг трекерини бузган ёки ҳайвоннинг хатти-ҳаракатларини яхши ўрганган бўлиши ҳам мумкин. Чунки бўрининг кўчиш траекторияси кўп йиллар давомида омма учун очиқ маълумот ҳисобланган.

Бундай воқеа 2013 йилда Ҳиндистондаги Панна миллий боғида ҳам содир бўлган. Кибербраконьерлар ёш Бенгал йўлбарсини унинг жойлашуви тўғрисида олимларни хабардор этиб турган GPS-бўйинбоғи орқали топишга уринганлар. Жиноятчилар мониторинг дастури раҳбари Кришнамурти Рамешга йўлбарс тўғрисидаги маълумотлар келиб тушадиган ёпиқ почтани бузишга уриниб кўрган. Хайриятки, ҳайвонга уюштирилган ҳужум омадсиз якун топган. Трекердаги маълумотлар шифрланган бўлгани боис, тажовузкорлар почта хабарларини ўғирлаган тақдирда ҳам улардан фойдалана олмасди.

Ҳайвонларни ҳимоя қилишга мўлжалланган замонавий технологиялар уларнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа ҳодисалар ҳам қайд этилган. Шу боис, олимлар қимматли маълумотларни тўплайдиган аккаунтларни зийраклик билан кузатиб, ҳатто ҳеч қандай ёвуз нияти бўлмасада, ноёб ҳайвон жойлашувини кенг жамоатчиликка ошкор қилишдан олдин, бу ҳақда пухта ўйлаб кўриши даркор.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 780