ЎзА Ўзбек

23.11.2019 Чоп этиш версияси

“Брадзот касаллигига қарши эмланган қўйлар ҳаром ўляпти” сарлавҳаси остида тарқатилган хабарлар тасдиғини топмади

“Брадзот касаллигига қарши эмланган қўйлар ҳаром ўляпти” сарлавҳаси остида тарқатилган хабарлар тасдиғини топмади

Ижтимоий тармоқларда “Брадзот касаллигига қарши эмланган қўйлар ҳаром ўлаяпти” сарлавҳаси остида хабар тарқалган эди. Унга аниқлик киритиш мақсадида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Жиззах вилояти давлат ветеринария хизмати масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди, эпизоотологик суриштирув ва ўрганишлар олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида Жиззах вилояти Фориш туманининг “Илонли” маҳалла фуқаролар йиғини Ғуроб (Гараша) қишлоғида қўйларнинг нобуд бўлиш ҳолатлари кузатилган.

Ҳайвон эгалари томонидан қўйларни брадзот касаллигига қарши эмлангандан сўнг нобуд бўлаётганлиги даъво қилинганлиги сабабли ҳайвонларни эмлашда фойдаланилган препаратни белгиланган тартибда ўрганиш учун Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласини назорати бўйича давлат илмий марказига юборилган.Шунингдек, ушбу эмлама Ветеринария-илмий тадқиқот институти томонидан ҳам текширилган.

Қўйларни эмлашда фойдаланилган препарат ўрнатилган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилиб, ножўя таъсири аниқланмади.

Қўйларни эмлашда фойдаланилган препарат “Ҳайвонларнинг клостридиоз касалликларига қарши эмлама” бўлиб, барча кўрсаткичлар, шу жумладан сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича белгиланган меъёр ва талабларга мос бўлиб, тегишли мувофиқлик сертификатига эга.

Ушбу қўйларнинг брадзот касаллигини олдини олиш учун қўлланиладиган эмлама фаолсизлантирилган, зарарсиз эмлама бўлиб, ҳайвон организмига юборилганда касаллик келтириб чиқариш хусусиятига эга эмас.

Мазкур эмлама ўрнатилган тартибда таъминот қилинган ва жорий йилда республика бўйича 2 миллион бошдан зиёд қўйлар, шу жумладан, Жиззах вилояти Фориш туманида 16 минг бош эмланган бўлиб, ҳеч қандай салбий асоратлар қайд этилмаган.

Қўйларнинг брадзот касаллиги ўткир ва тез кечувчи юқумли инфекцион касаллик бўлиб, ширдон ва 12 бармоқли ичакнинг шиллиқ пардаларини геморрагик яллиғланиши билан характерланади. Касалликни анаэроб муҳитда ўсувчи, спора ҳосил қилувчи Cl.septicum ва Cl.oedematiens бактериялари қўзғатади. Маълум бир шароитда қўзғатувчи ҳайвоннинг ошқозон-ичак тизимида яшаши ва кўпайиши мумкин. Қўзғатувчи спораси узоқ вақт тупроқда ва гўнгда сақланиши мумкин.

Касаллик йилнинг барча фаслларида учрайди, аммо йилнинг совуқ фаслларида (куз, қиш, баҳор) кўпроқ кузатилади.

Касаллик манбаи бўлиб, касалланган ёки касалликдан тузалиб ўзида ушбу касаллик бактерияларини ташувчи қўйлар ҳисобланади.

Ушбу касаллик одамларга юқмайди.

Касаллик тупроқ инфекцияси ҳисобланиб, ҳайвондан-ҳайвонга ёки ҳайвондан одамга юқмайди ва ёппасига тарқалмайди.

Қўйларни қор, қиров ва шудринг тушганда боқиш, организмни гельминтлар билан зарарланиши, оқсил ва минерал моддаларнинг етишмаслиги ушбу касалликнинг пайдо бўлишига имкон яратади.

Касаллик қўзғатувчиси ўзидан жуда кучли заҳар ишлаб чиқаради ва улар бутун организмни заҳарлайди. Ушбу заҳар касалланган ҳайвонларни тез нобуд бўлишига сабаб бўлади.

Кўп ҳолларда ҳайвонларни рациони ёки сақлаш шароитларининг кескин ўзгартирилиши касалликнинг келиб чиқишига омил бўлади. Айнан шу ҳолатлар ошқозон-ичакнинг бузилишига сабаб бўлади. Бунинг натижасида брадзот касаллигини қўзғатувчи бактериялар (Clostridium septicum, Clostridium oedematiens) фаол кўпайишни бошлаб, организмнинг заҳарланишига олиб келади.

Ҳайвонларнинг тана ҳароратининг кўтарилиши натижасида ҳолсизланиши, ҳайвон организмининг кучсизланиши ва чидамлилигининг пасайиши содир бўлиб, бунинг оқибатида касалликнинг яширин даврида (клиник белгилар намоён бўлмайдиган, бактериялар фаол бўлмаган давр) бўлган бактериялар фаоллашиб, касаллик белгиларини намоён қилиши ва ҳайвоннинг нобуд бўлишига олиб келиши мумкин.

Фориш туманининг айрим яйловларида (тупроқда) брадзот касаллиги илгари ҳам кузатилган бўлиб, касаллик қўзғатувчилари билан зарарланган озуқани истеъмол қилиши натижасида нобуд бўлган қўйлар организмида бактериялар эмлангунга қадар яширин даврда бўлган.

Жиззах вилояти Фориш туманининг “Илонли” маҳалла фуқаролар йиғини Ғуроб (Гараша) қишлоғида қўйларнинг брадзот касаллигини олдини олиш мақсадида белгиланган тартибда чеклов жорий қилинди ҳамда нобуд бўлган ҳайвонларнинг барчаси ўрнатилган тартибда ёқиш йўли билан йўқ қилиниб, зарарсизлантирилган ва белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу ҳудудда 20-21 ноябр кунлари ишчи гуруҳи томонидан мавжуд қўйлар бирма-бир клиник кўрикдан ўтказилиб, уларда юқумли касалликлар, хусусан брадзот касаллигига хос бўлган клиник белгилар кузатилмади ва нобуд бўлиш ҳолатлари қайд этилмади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда жойида ҳақиқий ҳолатни ўрганиш натижаларига асосланган ҳолда “Брадзот касаллигига қарши эмланган қўйлар ҳаром ўляпти” сарлавҳаси остида тарқатилган маълумотлар асоссиз эканлиги ҳамда ўлган ҳайвонларнинг гўшти сотувга чиқиб кетиши ва шубҳали дорилар билан эмланиши тўғрисидаги хабарлар тасдиғини топмаганлиги маълум қилинади.

Брадзот ва энтеротоксемия касаллигини олдини олишда қуйидагилар тавсия этилади:

– қўйларни тўйимли озуқалар ва минерал моддалар билан озиқлантириш, уларнинг рациони ва сақлаш шароитларида кескин ўзгаришларга йўл қўйилмаслик;

– қўйларни сақлаш ва сув ичиш жойларини зоогигиеник ва санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил қилиш;

– касаллик пайдо бўлиш эҳтимоли бўлган фаслларда (куз, қиш, баҳор) қўйларга дағал хашак, кобальт, мис тузлари каби минерал қўшимчалар бериб туриш;

– қўйларни қиров, шудринг билан қопланган ўтлоқларда (одатда куннинг эрталабки (тонг) вақтида) боқишга, музлаган ва моғорлаган озуқа беришга, туриб қолган сувдан ичишига йўл қўймаслик;

– давлат ветеринария хизмати мутахассисларининг кўрсатмаларини бажариш.

Ҳайвонларни даволашда ветеринария мутахассисларига мурожаат қилишни (ўзи билганча даволашга уринмасликни) тавсия қилган ҳолда, ҳайвонларда турли касалликлар белгилари ёки ножўя ҳаракатлар кузатилса қуйидаги телефон рақамлари орқали Давлат ветеринария хизматига қўнғироқ қилиш мумкинлигини маълум қиламиз:

т/р

Ҳудудлар

Телефон рақами

1.

Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси

(361) 224-06-36

(361)-222-91-50

2.

Андижон вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(374) 228-32-00

(374) 228-26-95

3.

Бухоро вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(365) 228-44-66

(365) 228-37-83

4.

Жиззах вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(372) 780-63-04

5.

Қашқадарё вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(375) 223-14-22

6.

Навоий вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(436) 225-55-54

(436) 225-51-63

7.

Наманган вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(369) 233-21-48

(369) 233-25-73

8.

Самарқанд вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(366) 233-70-40

(366) 233-72-65

9.

Сурхондарё вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(376) 221-42-39

(376) 221-47-28

10.

Сирдарё вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(367) 227-39-07

(367) 227-39-38

11.

Тошкент вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(370) 762-60-46

12.

Фарғона вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(373) 226-38-67

(373) 226-07-94

13.

Хоразм вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(362) 228-54-12

(362) 228-54-12

14.

Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси

(371) 250-03-75

(371) 250-03-65

Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш Давлат қўмитаси

Ахборот хизмати


6 285
ЎзА