ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Божхонадаги “Ягона дарча”да бир неча турдаги хизмат кўрсатилмоқда

Божхонадаги “Ягона дарча”да бир неча турдаги хизмат кўрсатилмоқда

2020 йил 1 январдан “Ягона дарча” божхона ахборот тизими ишга туширилди. Энди экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни ушбу тизим орқали расмийлаштириш мумкин.

Хўш, бу тизимдан кўзланган мақсад нима ва қандай афзалликларга эга? Тадбиркорларга қандай қулайликлар яратади?

– “Ягона дарча” божхона ахборот тизими Президентимизнинг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий қилинди, – дейди Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходими Ғайрат Сатторов.

 – Ушбу қарорга асосан 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштириш назарда тутилган бўлиб, амалда 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан мазкур тизим www.singlewindow.uz манзилида ишга туширилди.

“Ягона дарча” божхона ахборот тизимига Давлат божхона қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўздавкарантин” инспекцияси каби ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари интеграция қилинган. Бу тадбиркорлар учун жуда ката қулайлик. Энди экспорт-импорт билан боғлиқ ҳужжатни расмийлаштириш учун шунча идораларнинг эшигини қоқиш, узоқ вақт йўқотишга хожат қолмади.

“Ягона дарча” божхона ахборот тизими ташқи иқтисодий фаолият субъектларига кўплаб имкониятларни яратади. Хусусан, импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатлар ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади. 

Ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш имконияти юзага келади. Давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштириш босқичларини масофадан кузатиш мумкин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотлар энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб турилади. Дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни бериш йўлга қўйилди.

Энди тадбиркорлар ўз идораларидан чиқмасдан туриб интернетдаги www.singlewindow.uz манзилида жойлашган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун ариза юбориши мумкин.

Аризага жавобан берилган ҳужжатлар ва сертификатлар мазкур портал орқали бир вақтнинг ўзида ҳам тадбиркорга, ҳам божхона органларига божхона расмийлаштируви учун тақдим этилади. Шунингдек, тадбиркорлар портал орқали рухсатнома ва сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш, ҳужжатларнинг шакллари, божхона тарифлари ва режимлари, экспорт ва импорт кўрсаткичларига доир фойдали маълумотларни ҳам олишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2020 йил 1 сентябрдан “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилиши белгиланди. Ҳозирда Самарқанддаги чегара божхона постларида ҳам “Ягона дарча” божхона ахборот тизими жорий этилишга шай ҳолатда.

Маълумотларга кўра, “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақт экспортда 5 баробарга, импортда эса 2 баробарга қисқаради.

1 601
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА