Божхоначилар қарийб 10 миллиард сўмлик “транзит операцияси”га чек қўйди
Содда қилиб айтганда, республикамиз ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши керак бўлган товарларнинг ички ҳудудда тушириб қолдирилишига чек қўйилди.
Давлат божхона қўмитасининг контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бошқармаси томонидан Андижон ва Тошкент вилояти божхона бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда товар-моддий бойликларни божхона назоратидан яширин равишда олиб кириш мақсадида амалга оширилган транзит операцияси фош қилинди.
Содда қилиб айтганда, республикамиз ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши керак бўлган товарларнинг ички ҳудудда тушириб қолдирилишига чек қўйилди.
Андижон вилоятининг “Дўстлик” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган 2 та юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, олиб чиқилаётган товарлар билан ҳужжатда кўрсатилган товарлар ўртасида кескин тафовут борлиги аниқланди.
Жумладан, ҳужжатларга кўра, машиналарнинг бирида 11 турдаги, иккинчисида эса 14 турдаги товарлар бўлиши лозим эди. Аммо божхона кўриги давомида автотранспортларга божхона қиймати нисбатан паст бўлган пўкак, елим, қурувчилар учун махсус кийим ва қўлқоплар, резина этик ва болғалар ортилганидан хулоса қилиш мумкинки, машиналар шунчаки бўш тарзда чиқиб кетмаслиги учун ушбу товарлар билан номигагина тўлдирилган, холос!
Хўш, ростдан ҳам мазкур автотранспорт воситалари республикамизга қиймати 48 миллион 771 минг сўмлик товарлар билан кириб келганмиди, деган савол туғилади. Ахир бу товарларни минглаб чақирим йўл босиб, тан нархидан ҳам бир неча баробарга ошиб кетадиган йўл ҳаражатларига қарамай хориждан келтиришга ҳожат бормиди?
Аслида мазкур автотранспорт воситалари жорий йилнинг 16 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасидаги “Доут ота” чегара-божхона пости орқали юртимизга кириб келган. Кириб келишда божхона органларига тақдим қилинган ҳужжатлар билан инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирларда божхона ходимларини шубҳалантирган жиҳатлар кўзга ташланмаган. Натижада, юк автотранспорт воситалари транзит тарзида чиқиб кетиши учун “Андижон” вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона постига йўналтирилган. Демак, ҳужжатларда кўрсатилган товарлар аслида ушбу автотранспорт воситаларида ҳақиқатдан ҳам бўлган.
Аммо республикамизга кириб келиш ва чиқиб кетишда инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирларнинг бир-биридан фарқли эканлигини кўриб, ҳақли савол туғилади: Ҳужжатларда кўрсатилган товарлар қаерда?
Олиб борилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида бу саволга жавоб топилди. Аниқланишича, автотранспорт воситаларига ортилган товарлар Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган омборлардан бирига тушириб қолдирилган.
Мазкур омборни кўздан кечириш давомида шу ерда бўлиб турган чет эллик фуқаро ушбу юклар ўзига тегишли эканлигини маълум қилди. Аммо уларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатларни тақдим қила олмади.
Аниқланишича, мазкур юк автотранспорт воситалари тиркамаларининг эшиклари очилмаган ва мавжуд пломбалар бузилмаган. Шунга қарамай, уларнинг ичидаги юкларни алмаштириш учун тиркамалар бошқа томонидан туриб, ўзбошимчалик билан очилган. Шу тариқа, божхона ходимлари респбуликамиз ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши лозим бўлган 24 турдаги 9 минг 113 дона товарнинг ички ҳудудда тушириб қолдирилганини фош қилди.
Мазкур товарларнинг умумий қиймати эса 6 миллиард 502 миилион сўмни ташкил қилмоқда. Тезкор тадбирда ҳуқуқбузарлардан 9 миллиард 850 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги товар ва транспорт воситалари вақтинча сақловга олинди.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.