ЎзА Ўзбек

25.07.2018 19:13 Чоп этиш версияси

Божхона соҳасидаги янгиликлар: амалиёт ва самара

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар фаолиятини ривожлантириш масаласида тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 21 июнь куни тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида божхона органларига берилган топшириқлар, улар юзасидан қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Шунингдек, иш фаолиятини янгидан бошлаётган ҳамда ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида бўлган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига аниқ таклифлар берилди. Божхона соҳасида тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар батафсил тушунтирилди.

Тадбир иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган “Samsung Нукус” Корея – Ўзбекистон қўшма корхонаси ва “Нукус электроаппарат” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона фаолияти билан танишди.

Ишлаб чиқариш корхоналарига уюштирилган ташрифларда корхона маъмуриятига экспорт-импорт операциялари, шунингдек, божхона расмийлаштируви жараёнлари билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масалалар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан амалий ёрдам берилиши тушунтирилди.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
3 458