ЎзА Ўзбек

11.01.2019 19:39 Чоп этиш версияси

Божхона ходимлари яширин тамаки маҳсулотларини нега кўрмади?

Божхона ходимлари яширин тамаки маҳсулотларини нега кўрмади? Чегарачиларимиз томонидан яширин равишда чегара орқали мамлакатимизга олиб кирилмоқчи бўлган 1 миллиард 143 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари аниқланиб, тўхтатиб қолинди. Ачинарлиси, мазкур ноқонуний маҳсулотларни олиб ўтилишида уларга божхона ходимлари ҳам ёрдам беришган.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, қонун ҳужжатлари бузилиши, шу жумладан, контрабанданинг олдини олиш, уни аниқлаш ва уларга чек қўйиш божхона ходимининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Аммо, соҳа ходимлари ўз бурч ва вазифасини унутса-чи? Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Андархон” чегара божхона постининг божхона кўриги ва расмийлаштируви гуруҳи катта инспектори лавозимида ишлаган Нозим Каримов ва Даврон Олимовлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шундай хатога йўл қўйди. Улар божхона назоратини четлаб, хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда товарларни жуда кўп миқдорда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказишда ифодаланган жиноий ҳаракатларини қасддан содир қилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ходимлари томонидан 2018 йил 2 май куни соат 10:00ларда “Андархон” божхона пости орқали Тожикистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига жуда кўп миқдордаги сигарет маҳсулотларини транспорт воситаси орқали ноқонуний олиб ўтилаётган ҳолати аниқланган. Мазкур транспорт воситасида умумий нархи 1 миллиард 143 миллион сўмлик бўлган 184 минг 500 қути “Business Royal” ҳамда “Milano” маркали сигаретлар борлиги аниқланиб, белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. Божхона ходимлари Нозим Каримов ва Даврон Олимовлар эса божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузгани ҳолда, танишига “юклар”ни ўтказишда ёрдам беришган. Бошқа бир юк учун берилган пломбани бериб, машинаси юкхонасини шу билан пломбалашни айтиб, ноқонуний маҳсулотларни ўтказиб юбормоқчи бўлишди. Сергак чегарачиларимиз бу ҳолатни фош этишди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди ва собиқ божхона ходимларига нисбатан тегишли жазо тайинланди.



Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 120