ЎзА Ўзбек

25.07.2018 23:29 Чоп этиш версияси

Божхона хизматларида қулайлик ва имтиёзлар қандай?

Тошкент шаҳар божхона бошқармасида жорий йилнинг олти ойи давомида хорижий инвестиция иштирокида тузилган 36 корхона томонидан импорт қилинган товарларга амалдаги қонунчиликка асосан 20,8 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасида тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган божхона хизматларининг сифатини янада ошириш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мутасаддилари, “Ўзстандарт” агентлиги масъул ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва пойтахтимизда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Тадбирда ташқи иқтисодий фаолият, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт-импорт божхона расмийлаштируви йўналишидаги ишларни келгусида янада самарали ташкил этиш, бу борада яратилаётган қулайликларни кенг тарғиб қилиш ва юзага келаётган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ечиш, таклиф ва мулоҳазаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Солиев жойларда ўтказилган қабулларда тадбиркорлик субъектларининг божхона ишига оид мурожаатлари, уларни қийнаётган муаммолар ва таклифлари ўрганилиб, қандай ечим топилаётгани хусусида маълумот берди.

Мутахассис тадбиркорларга Президентнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди. Жумладан, 2018 йил 1 сентябрга қадар Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати жорий этилади. Шунингдек, 2019 йил 1 январдан амалиётга киритиладиган импорт божхона божлари ставкалари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари тасдиқланди.

Тадбирда хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида яратилган қулайликлар тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди. Жумладан, “АКА Petroleum” масъулияти чекланган жамияти хорижий ҳамкорлар билан бирга 2018-2019йилларда “Тошкент-товар” ҳамда “Чуқурсой” темир йўл станцияларида замонавий мультимодал транспорт-логистика марказлари барпо этишни режалаштирган. Мазкур лойиҳа қиймати 128 миллион долларни ташкил этади.

Мулоқотда мутахассислар экспорт-импорт масалаларига оид маълумотларга тўхталди. Тошкент шаҳар божхона бошқармасида жорий йилнинг олти ойи давомида хорижий инвестиция иштирокида тузилган 36 корхона томонидан импорт қилинган товарларга амалдаги қонунчиликка асосан 20,8 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

Тадбирда божхона органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Мазкур иллатга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик принципини таъминлаш, ҳар бир жиноий ҳаракат ва ҳаракатсизлик учун жазонинг муқаррарлиги тушунтирилди. Тадбиркорлар ўз фаолиятида учраётган муаммоли масалалар юзасидан берган саволларига жавоб олди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 248