Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 14:35 Чоп этиш версияси

Бойсун аҳолисини ташвишлантираётган муаммолар

Бойсун тумани аҳолиси ҳудудда лизинг корхонаси, меҳмонхона, маиший техникаларга хизмат кўрсатувчи замонавий устахона, кимёвий тозалаш шохобчалари йўқлигидан эътироз билдиришяпти. Бу, бир томондан, Сурхондарёнинг шиддат билан ривожланаётганидан ҳам далолат беради. 

Бу ҳақида Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ўтказилган халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида айтилди. 

Қуйи палатанинг ахборот хизмати хабарларига кўра, сессия ишида одамлар билан мулоқот қилишнинг самарали механизмларига эътибор қаратилган ҳолда, ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда турли соҳа ва тармоқлар фаолияти бўйича ўрганиш натижалари танқидий руҳда муҳокама қилинди. 

Таъкидланганидек, ўрганиш жараёнида депутатлари тумандаги 376 та хонадонда бўлиб, аҳоли турмуш тарзи, яшаш шароити билан яқиндан танишишди. Таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар, пенсия таъминоти, транспорт ва йўл қурилиши, экология ҳамда атроф-муҳит, банк хизмати, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоялаш билан боғлиқ аниқланган 143 та масаладан 34 таси жойида ҳал этилди.

Ҳудудда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишда мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани, шунингдек, ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминотидаги узилишлар ҳамда ободонлаштириш, санитария-гигиена, уй-жой ва бошқа соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилинди. 

– Тумандаги мактабгача таълим ёшидаги болаларни тўлиқ қамраб олиш учун умумий сиғими 11948 нафар болага мўлжалланган 80 та янги таълим муассасасига эҳтиёж мавжуд, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Жумаев. – Шундан келиб чиққан ҳолда, бу йил 16 та хусусий боғча қурилмоқда. Тиббиёт масканлари, хусусан, қишлоқ врачлик пунктлари етарлича асбоб-ускуналар билан таъминланмагани, шифокорлар етишмаслиги ҳамон долзарблигича қолаётир. Тез тиббий ёрдам шохобчалари телефон тармоғига уланмаган. Тиббий автомашиналарда эса рация алоқаси ўрнатилмаган. Ушбу хизмат сифатини яхшилаш, чақириқларга ўз вақтида етиб бориш самарадорлигини ошириш мақсадида қўшимча 4 та тез тиббий ёрдам автомашинаси билан таъминланиш юзасидан мутасаддиларга таклифларимизни билдирдик.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан идоралар ҳамда ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ҳамда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси маъқулланди.

Фарҳод Эсонов, ЎзА
7 847