Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 18:24 Чоп этиш версияси

Боёвутда қоидабузарликлар 18 фоизга камайди

Сирдарё вилояти Боёвут туманида йўл ҳаракати қоидабузарликлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга камайди.

Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туманда қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ўтказилаётган профилактика тадбирлари, ҳар шанба куни вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги алоҳида йўл-патруль хизмати отряди билан биргаликдаги қўшма рейдлар йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Жорий йилнинг январь ойида тумандаги 80 таълим муассасаси, 105 корхона-ташкилот ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 24 маротаба йўл ҳаракати қоидалари тарғиботи ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилди. Қоидабузарлик ҳолатлари кенг жамоатчилик ўртасида атрофлича муҳокама қилинди.

Боёвут тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ходимлари томонидан жорий йилнинг январь ойида 46 йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланди. Уларнинг 25 таси қўпол равишда қоида бузиш ҳолатларидир. Жумладан, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, автомобилни бошқараётганда уяли алоқа воситасидан фойдаланиш, белгиланган тезликни ошириш, йўлдаги чизиқ ва йўл белгиларига амал қилмаслик, қизил чироқда ўтиш, техник кўрикдан ўтказмай транспортдан фойдаланиш ва бошқалар қайд этилди. Қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилиб, деярли ҳар бир қоида бузилиши кенг жамоатчилик ўртасида артофлича муҳокама қилинди.

– Ҳудудимизда йўл-транспорт ҳодисалари туфайли ҳалок бўлганлар қайд этилмагани қувонарли албатта, – дейди Боёвут тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи катта инспектори, лейтенант Шерали Худойқулов. – Шунингдек, йўл-трнаспорт ҳодисаси туфайли тан жароҳати олиш ҳолатлари 50 фоизга камайган бўлса-да, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. 2017 йил давомида туман ҳудудида 18 турли йўл белгиларини янгисига алмаштирдик. 35 пиёдалар ўтиш жойи белгиланиб, ҳаракат тезлиги юқори бўлган 2 кўчадаги сунъий ёритгичлар янгиланди. 1 минг 500 метр кўча тубдан қайта таъмирдан чиқарилиб, 49 километр кўча жорий таъмирланди. Туман ҳудудида 2 светофор янгисига алмаштирилди. Мавжуд камчиликлар аниқланиб, қиш мавсумида кўчалар ҳолатини ҳаракат хавфсизлиги талаблари асосида амалга оширмагани учун 1 нафар йўл қурилиш идораси масъул ходимига маъмурий чора қўлланилди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларига нисбатан 2 тақдимнома киритилиб, ижро муддати қатъий назоратга олинди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
9 932