Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.07.2018 16:48 Чоп этиш версияси

Боёвутда кўп тармоқли саноат мажмуаси

Боёвутда кўп тармоқли саноат мажмуаси Сирдарё вилояти Боёвут туманида кўп тармоқли саноат мажмуаси – “NCG ENGINEERING Boyovut” компанияси пойдеворига рамзий тамал тоши қўйилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, фаол инвестиция сиёсати юритиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Жанубий Корея Республикасига ташрифи чоғида ўзаро ҳамкорлик масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молия-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинган эди. Ташриф доирасида ташкил этилган Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форуми кореялик ишбилармонларнинг юртимизга бўлган қизиқишини янада оширди.

8.JPG

Жанубий Кореянинг “KOR NCG ENGINEЕRING СО., Ltd.” компанияси Боёвут туманида тўғридан-тўғри инвестиция киритиш орқали кенг турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи саноат зонаси ташкил қилиш ва ишчи-ходимлар учун аҳоли турар жой пункти барпо этишни мақсад қилган.

– Ушбу лойиҳа 2018-2023 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган, – дейди Боёвут туман ҳокими О.Ашурматов. – Ташкил этиладиган кўп тармоқли саноат мажмуасида қиймати 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя эвазига 100 дан зиёд ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилади. Бу эса 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш имконини беради.

Кўп тармоқли саноат мажмуаси пойдеворига рамзий тамал тоши қўйиш тадбирида миллий анъанамизга кўра, дошқозонда ош дамланиб, дастурхон ёзилди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат) ЎзА
4 447