ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

Бой қишлоқнинг камбағаллари

Бой қишлоқнинг камбағаллари
«Камбағаллик ҳамма вақт, ҳамма одамнинг жонига теккан нарса. Лекин одамзот жонига теккан нарсадан қутилиш йўлини билмаса осмон йироқ, ер қаттиқ бўлади, унга кўникади, шунчалик кўникадики, бу нарса жонига текканини ҳам пайқамай қолади»

Абдулла Қаҳҳор

Камбағаллик ижтимоий касаллик. Фақат ўта секин тузаладиган, баъзан тузилмайдиган касаллик. Аммо ҳар бир одам тузалишга умид билан яшайди. Аммо ҳар қандай касаллик каби камбағалликка ҳам кўникиш пайдо бўлса, тузилиши яна қийин бўлади.

Мамлакатимизда пандемияга қарши кураш билан бир вақтда ушбу касалликни камайтиришга қаратилган ишлар ҳам давом эттирилаётир. Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларга мувофиқ Олий Мажлис депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан тузилган ишчи гуруҳлар айни ҳудудлардаги мавжуд аҳволни ўрганиб чиқиб муҳокамалар ўтказди, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

Жумладан, ишчи гуруҳлар ўрганишлари натижаларига кўра, 1 миллион 383 мингдан зиёдроқ аҳоли яшаётган Жиззах вилоятида эҳтиёжманд фуқаролар 83 минг 893 нафарни ташкил этар экан. Ҳудуддаги мавжуд 231 минг 750 та хонадоннинг 16 минг 485 таси камбағаллар рўйхатига олинган. Ушбу рўйхатга киритилган оилаларнинг 2 минг 440 таси боқувчисини йўқотганлар.

Эҳтиёжманд фуқароларнинг 393 нафарини ёлғиз қариялар, 4 минг 670 нафарини ногиронлар, 34 минг 431 нафарини вояга етмаганлар, 30 минг 377 нафарини ишсизлар ташкил қилади.

Боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз қариялар, вояга етмаганлар жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари эканлиги маълум. Демак, маълумотда келтирилган 30 минг 377 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланса камбағаллик муаммоси ҳал бўлиши мумкин эканда.

Статистик ҳисоботлар бўйича вилоятда ҳар йили шунча иш ўрни ҳам яратилаётир.

Вилоят бўйича 35 миллиард сўм, шу жумладан, пандемия даври учун қўшимча 18 миллиард сўм иш ҳаққи ажратилиб, жами 39 минг 700 нафар камбағал фуқаро жамоат ишларига жалб этилмоқда. Ҳудудларда 18 та кооперацияга жами 667 гектар ер майдони ажратилиб, уларга 1 минг 137 нафар фуқаролар аъзо қилинди.

Бандлик жамғармасидан жами 1 миллиард 745 миллион сўм субсидия ажратилиб, шу ҳисобдан 215 гектар боғ, 200 гектар токзор барпо этилди, 252 гектар майдонда сабзавотчилик йўлга қўйилди ва 1 минг 137 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари 12 та агрокластер, 7 та боғдорчилик, узумчилик кластери ташкил этилиб, 7 минг 491 та иш ўрни яратилди. Амалга оширилаётган бу ва бу каби ишлар натижасида жами 11 минг 565 та янги иш ўринлари яратилди.

Камбағалликни қисқартириш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этиш устида ишлар олиб борилаётир. Зарур инфратузилма яратиш учун кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига бюджетдан 100 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилмоқда. Улардаги ер участкалари тадбиркорларга бозор қийматида эгалик ҳуқуқи билан сотилади. Ушбу лойиҳа ўзини оқласа, иккинчи ярим йилликда яна қўшимча 150 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилди ва махсус ишчи гуруҳи тузилди.

Бугунги кунда аҳолини камбағалликдан чиқаришда кўрилаётган чораларнинг кўпчилиги муваққатлиги, жумладан, қишлоқ хўжалиги ишларининг мавсумийлиги муаммони тўлиқ ҳал этиш имконини бермайди. Шу боис бандликни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш бўйича амалга оширилаётган катта-катта лойиҳаларга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай камбағалликнинг биринчи сабаби бўлган ишсизликка барҳам берилмаётир. Статистик маълумотлар эса ҳар доим ҳақиқий аҳволни акс эттиравермайди.

Масалан, Ғаллаорол тумани иқтисодий, ижтимоий ривожланиш даражаси яхши туманлардан бири ҳисобланади. Туманнинг катта автойўл, темир йўл ўтган марказий қисмида саноат ишлаб чиқариш бирмунча ривожланган. Лалмикор адирликлардан иборат катта ҳудуд, чорвачилик, хусусан, қўй боқишга қулай ҳисобланади.

Шу имкониятлар туфайли бу туманга қўшнилар ҳавас қилади, ғаллаоролликларнинг ўзлари яшашдан ҳам нолимайди. Бошқа жойларда бўладиган ҳангомаларда «Ғаллоролда қўйи йўқ одамнинг ўзи йўқ, шунинг учун қорни тўқ», деган гапни тез-тез эшитиш мумкин.

– Шукр, нолимаймиз, яйлов ҳам кўп, қўй ҳам кўп, – дейди «Кўубулоқ» қишлоқ фуқаролар йиғини оқсоқолларидан бири, фахрий ўқитувчи Абдумутал Исоқов. – Бундан ўттиз йил бурун собиқ ширкат хўжалигининг 10 минг бош қўйи боқилган яйловда ҳозирги кунда ҳам шунча қўй боқилаяпти. Бироқ шу даврда аҳоли сони 4-5 баравар ошгани, қишлоқда бирорта ишлаб чиқариш корхонаси йўқлиги, эшигида бир қўйи йўқ оилалар ҳам анча эканлиги ҳисобга олинса, бизнинг қишлоғимизда камбағаллар Президентимиз айтиб ўтган Республика кўрсаткичидан анчагина кўпроқ бўлса керак.

Қишлоқдаги эҳтиёжманд оилаларнинг кўплиги пандемия карантини пайтида айниқса сезилаётир. Туман, вилоят марказига бориб, кундалик эҳтиёжи учун пул топиб тирикчилигини ўтказиб келаётган одамлар бу сўнги имкониятдан марҳум бўлди.

Хўрозбой Эсламасов яқин йигирма йилдан буён Жиззах шаҳрига бориб шахсий хонадонларнинг қурилишида ишлаб тирикчилик ўтказади. Қишлоқда қиладиган иш йўқлиги учун кейинги йилларда икки ўғлини ҳам ёнига олди хусусий устачилик қилаётир. Ҳовлисида моли бўлмаса ҳам ўзини бировдан кам ҳисобламайди, «минг қўйли бой» қишлоқнинг фуқароси сифатида камбағаллигини тан олишдан ор қилади. Бироқ кундалик эҳтиёжини кунда топиб келган оила карантин пайти қийналиб қолди. Карантин бироз юмшатилиши билан яна шаҳарга қатнаб ишлаётир.

Қишлоқда унга ўхшаб тирикчилик ўтказаётганлар кўп. Бироқ уларнинг барчаси ҳам унга ўхшаган чайир эмас. Қора қозонни қайнатишга қийналаётганлар анча.

Бу аҳволни туман марказидан то Қўйтош посёлкасигача бўлган ҳудуддаги ўндан зиёд қишлоқнинг барчасида кўриш мумкин. Бирор саноат корхонаси бўлмаган, нам етарли келган йилда лалми экиндан бир марта ҳосил олиш мумкин бўлган ҳудуддаги 4 мингга яқин хонадоннинг 10-15 таси «минг қўйли бой» аталгани билан кўпчилиги бир қўйга эга эмас.

Туманда ана шундай лалмикор ҳудудда яшовчилар кўпчиликни ташкил этади. Шунинг учун ишчи гуруҳ томонидан ушбу туманда камбағалликни камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганишда бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди.

171 минг 300 зиёд аҳоли яшайдиган туманда 2 минг 149 та камбағал оилалар рўйхатга олинган. Ўрганишларга кўра, камбағаллар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 4 минг 897 нафарини меҳнатга лаёқатли ишсизлар ташкил этади.

Туман ҳокимининг қарори билан ишсиз оилаларни даромад билан таъминлаш учун 753,1 гектар ер майдони ажратилган. Бу майдонларда ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этиб, 420 нафар камбағал оила аъзолари аъзо қилиниши режалаштирилган. Уларга 936,6 миллион сўм субсидия ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Масалан, «Молтоб» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган “AGRO MEGA CLAS” ишлаб чиқариш кооперациясига 20 гектар ер ажратилиб, 50 нафар камбағал оилалар аъзолари аъзо қилинди.

Шунингдек, тумандаги рўйхатга олинган камбағал оилалардаги ишсизлардан 930 нафари жамоат ишларига, 281 нафари қурилишга, 394 нафари қишлоқ хўжалик ишларига, 255 нафари бошқа соҳаларга жалб қилинди.

Худди шундай ишлар вилоятнинг барча туманларида амалга оширилмоқда.

Бу ишлар албатта ўзининг самарасини беради. Фақат барча ҳудуддаги ва соҳадаги ишлар аниқ ҳисоб-китоб қилиниши керак. Бироқ ҳозир энг асосий рақам – рўйхатга олинган камбағаллар сонини аниқ деб бўлмайди. Боиси ҳозиргача республикамизда камбағаллик тоифасини белгилаш мезони йўқ.

Президентимизнинг Олий Мажлисга 2017 йил 22 декабрдаги Мурожаатномасида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш вазифаси қўйилган эди. Бу вазифа 2018 йил Давлат дастурига киритилди. Бироқ ҳозиргача «истеъмол саватчаси» мезони ишлаб чиқилмади. Демак, камбағал тоифасига киритилганлар амалда рўйхатга олинганлардан кўп ҳам бўлиши эҳтимолга яқин.

Бу масалани давлатимиз раҳбари жорий йил 3 июнь куни камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида яна кун тартибга олиб чиқиб, 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Ушбу мезоннинг аниқ белгиланиши камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам бўлади.

5 538
Т. БEКНАЗАРОВ, ЎзА