ЎзА Ўзбек

12.10.2018 14:14 Чоп этиш версияси

Босим ва танқидларга учраган ёзувчи “адабий разведка” ва бошқа ҳақиқатлар ҳақида гапирди

Босим ва танқидларга учраган ёзувчи “адабий разведка” ва бошқа ҳақиқатлар ҳақида гапирди

Азамат Қоржовов – 40 ёшни қораламай 40 та китоб чиқаришга улгурган ижодкор. Рақамлар ижодкорнинг нақадар сермаҳсул эканлигига ишора қилмоқда. 40 та китоб, бу – ҳазил иш эмас. Лекин кимдир унинг бу даражада кўп китоби чиқарганига ҳавас қилса, яна кимдир буни савиясизликка йўяди. 

Кўп ёзишга интилиш – графомания, савиясизлик, олди-қочди воқеабозлик, дейди. Бироқ ижодкорнинг ўқувчилари кўп, шу билан бирга, уни танқид қилувчилар сафи ҳам кам эмас. 

Шу кунгача нашриётлар Азамат Қоржововнинг 41 та китобини чиқарган. Ўндан ортиқ китоблари оммабоп бўлгани ва тез сотилгани учун қайта-қайта нашр этилмоқда. Бу бизнинг субъектив фикримиз ёки баҳоимиз эмас. Нашриётлар ва китоб дўконларидаги кузатувларимиз, суриштирувларимизнинг хулосаси. Статистика Қоржововнинг китоблари мамлакатимизда энг кўп сотилаётган китоблардан эканидан далолат бермоқда. Айрим ёзувчи ва адабиётшунослар эса уни танқид қилишдан чарчамаяптилар. Шу сабабли биз бу ёзувчига минбар бердик. Унинг ўз асарлари ҳақидаги фикрлари, танқидларга яраша жавоб ва таклифлари бор... 

2.jpg“БИЗГА ТЕЗКОР АДАБИЙ НАЗОРАТ ВА МУҲОКАМАЛАР КЕРАК”
– Адабий танқид – юксак санъат. Кимнидир танқид қилаётган киши унинг ижоди билан атрофлича танишиши, камчилик ва ютуқларини кўрсатиши керак. Адабий ҳақоратга ҳам, шахсиятга тегадиган ҳақоратга ҳам ҳеч ким ҳақли эмас. Айниқса, “Cен ижод қилма, биринчи асаринг саёз чиқди, иккинчиси ундан кам эмас, учинчиси ҳам саёз чиқади”, деб ижодкорни турткилаши, унинг китобларини тақиқлаш учун ташкилотлар орқали босим ўтказиши ноҳақликдир. Юртимизда диний экстремистик, бемаза ғояларга тарғиб қилувчи бир ёқлама асарлар, коммунистик ғояларни тарғиб этувчи китоблар, шунингдек, порнографик, эротик адабиётлар, ваҳшийлик, беҳаёлик акс этган асарлар тақиқланган. Бир вақтлар мени ҳам огоҳлантиришган.
Ўшанда, яъни 2007-2008 йилларда ёзган иккита-учта ҳикоямда ва қиссамда хатоларга йўл қўйганман. Устоз кўрмаган, ҳеч ким ёрдам кўрсатмаган, йўлга солмаган ижодкорда бундай ҳол юз бериши мумкин экан. Аммо мен дарҳол танқидлардан хулоса чиқардим, ўқидим, изландим. Бундан кейин ҳатто севги ҳақидаги ҳикояларимда ҳам “қучоқлади“, “ўпди“, деб ёзмайман, дедим. Жаргон сўзлардан ўша пайтлардаёқ воз кечганман. Мен жаргонсиз ҳам ёза олишимни ўн йилдан бери исботлаб келяпман. Ҳар қандай ижодкорга ҳам йўл-йўриқ кўрсатилса, у ўзгара бошлайди. Шунинг учун айтмоқчиманки, мамлакатимизда ким нима ёзяпти, китоблари қанақа, муаллиф қайси томонга кетяпти, унга қандай ёрдам керак – барчасидан бохабар адабий назорат, бошқача айтганда, “адабий разведка” бўлиши лозим.
Бир китоб нашр эттирилишидан аввал унинг муҳокамаси, лозим топилса, қайта ишлаши керак бўлган жойлари кўрсатилиб, маслаҳат берилиши керак. Тўғри, ҳозирда адабий кенгашлар ишлаб турибди, мен бошқача бир адабий фильтрни назарда тутяпман. Бу фильтр бўғмайди, аксинча, кенг тарқалаётган китобларнинг муаллифлари юксалишига хизмат қилади. Шунда кеча пайдо бўлган ижодкор ҳам ўсади, ўзгаради. Ижодкорни куч ишлатиб тақиқлаш яхши эмас. Унинг ютуқлари ва камчиликлари мураббийлик позициясидан кўрсатилиши, албатта, самара беради.
Масалан, китобларим нашр этилганидан сўнг менга нималар етишмаслигини ҳеч ким айтмади. Гоҳ-гоҳида қаерлардадир мени савиясиз, олди-қочди ёзади, дейишгани қулоғимга чалинарди. Мен танқидга ва сабоқларга тайёр эдим. Бир гал Мониторингдан хат келган. Унда мен битта китобда 25 марта “кулимсирамоқ” феълидан фойдаланганим, бир лавҳада жаҳли чиққан одам ароқ ичгани орқали спиртли ичимликни тарғиб қилганим ёзилган эди. Шугина танқиддан жуда катта хулоса чиқардим. Гоҳо “агар менга устозлар мураббийлик қилишса, Ёзувчилар уюшмаси муҳокамаларга эшик очса, ростдан ҳам ёзувчи бўлиб кетар эканман-а”, деб ҳазиллашаман.

“КИТОБИМНИ ЧИҚАРИБ, БОЙИБ КЕТГАНИМ ЙЎҚ”
Мен ҳақимда “китоб ёзиб бойиб кетибди”, “китоб чиқариб, бизнес қиляпти”, деган фикрлар умуман нотўғри. 

5.jpgЧирчиқдаги арзон икки хонали уйимни бир одамнинг шарофати билан қирқ ёш арафасида зўрға олганман, буни танишларим яхши билишади. Уйимда болаларимга ҳатто каравот ҳам йўқ, пул йиғсам, олиб бераман. Китоб чиқариш бизнес қилиш учун эса камида эллик миллион сўм кераклиги кўпчиликка аён. Менда эллик миллион нима қилади?! 
Мустақилликдан кейин хусусий нашриётлар кўпайди, ривожланди. Хусусий секторнинг асосий планга чиқиши адабиётга худди Европа ва Америкадагидек таъсир ўтказиши олдиндан маълум эди. Худди чет эллардагидек бестселлерлар пайдо бўлиши, китоблар чанг босиб ётадиган давр ниҳоя топиши аниқ эди.

Республикада қад ростлайдиган улгуржи китоб савдоси тизими классик асарларни ҳам, ўртамиёна асарларни ҳам, саёзларини ҳам ўзининг ўргимчак тўри орқали мамлакатимиздаги барча китоб дўконларига етказиб бериши, бунинг ижобий ва салбий томонлари юзага чиқиши ҳам аниқ эди. Қалам ҳақига келсак, ижодкор бир асар ёзиб нашриётдан чиқарганидан кейин, унга албатта, қалам ҳақи берилиши шарт. Бу пул учун ёзади, дегани эмас-ку! Муаллим ҳам ўтган дарси учун ойлик олади. Уни пул учун дарс ўтади, деб ҳақорат қилиш қанчалик бемаънилик?!

Шуни унутмаслик керакки, бизда китоб савдосидан тўланадиган қалам ҳақи Европа, АҚШдаги ёки собиқ Шўролар давридагидек ҳам эмас. Бунда ноширларни айбламоқчи эмасман, ижтимоий-иқтисодий вазият битта китобга юз миллион сўм қалам ҳақи тўлаб, муаллифнинг яхши яшашини таъминлашига хизмат қила олмайди. Бу ҳеч қайси ноширнинг қўлидан келмайди, уни инқирозга учратади. Ёзувчиларга юртимизда яратиб берилаётган шароит ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Айни дамда бизда хориждагидек катта қалам ҳақлари ҳам йўқ ва собиқ Шўролар давридагидек ёзувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳам йўқ.

Президентимизнинг саъй-ҳаракатларидан сўнг энди шаклланяпти, аммо бу имкониятлар ҳам Тошкент шаҳрида пропискаси бор, Уюшмага аъзо айрим шоирларга ва кам сонли ёзувчиларга тааллуқли. Менинг китобим учун олган илк қалам ҳақим ойлигимдан тўрт баробар кам эди. 2011 йилда “Давр-Пресс”дан чиққан “Гўр қизи” номли китобимга 180 минг сўм, “Ўлиб тирилганлар қисмати” учун 230 минг сўм гонорар олганман. Кейинчалик бошқа бир “Дизайн-Пресс” нашриёти пластик картамга 1 миллион 200 минг сўм қалам ҳақи бергач, менда сал-пал ўзгариш бўлди, лекин бойиб кетмадим, китоб ёзиб бойиб кетиш ҳали-ҳануз бирорта ёзувчига насиб этгани йўқ. Бизнинг нашриётлар китоб орқасидан катта даромад қилмайди, қоғоз қиммат ва ўзига яраша яна харажатлари ҳам бор. Кўпчилигида китоб учун катта гонорар берадиган шароитнинг ўзи йўқ.

“ҲАР ОЙДА БИТТА КИТОБ ЁЗАМАНМИ?”
Илк ҳикоямни 1993 йилда ёзганман. Кейинчалик “Миллий тикланиш” газетасида чиққан. “Ёш куч” журнали ва “Ватанпарвар” газетасида ҳам асарларим эълон қилинганида, мендан бахтли инсон йўқ эди. 

4.jpg

1998 йилда СамДУнинг Ўзбек филологияси факультетига ўқишга ўтдим. 2002 йилда шу факультетнинг магистратурасида ўқидим. Кейин аспирантурада ўтдим, лекин илмий тадқиқотни ташлаб, матбуотга ишга кетиб, ҳикоя ва қиссалар ёзишни бошлаб юбордим. Шарқ халқларининг ғаройиб ривоят ва ҳикоятлари, шунингдек, Европанинг қизиқарли сюжетга эга асарларини ўзимга йўналиш қилиб олдим. Менинг асарларим қизиқарли ва сирли сюжети, оддий одамлар ҳам тушунадиган тилда ёзилиши билан китобхонларни ўзига жалб этишини истадим. Шарқ ривоятлари беш юз йилдан кейин ҳам ўқиляпти, тили содда, воқеа қизиқарли, демак, мен ҳам шу йўл билан ҳикояларимнинг яшовчанлигини таъминлашга қарор қилдим. Бироқ нашриётларга борсам, ё ўзингизнинг пулингизга чоп этамиз, ё ҳомий пул ўтказсин, дейишди. Айрим нашриётлар қалам ҳақига юзта китоб берамиз, дейишди. Мен рад этдим. Орадан йиллар ўтиб, 2011 йилда “Давр-Пресс” ва “Дизайн-Пресс” нашриётлари китобларимни нашр этиб кўришди ва халқнинг реакциясини кутишди. 

Кутилмаганда минглаб одамлар китоб дўконларидан мен ёзган асарларни излай бошлашди, ўз навбатида, дўкондорларнинг Тошкентдан менинг янги китобларимга бўлган талаби ортиб кетди, нашриётлар эса менга таклиф билан чиқа бошлади. Натижада 2012 йилда 13 та китобим чоп этилиб кетди. Бу асарлар аввал ёзилган ва флешкамда сақланиб турарди. Натижада мен ҳақимда “ҳар ойда битта китоб ёзар экан”, деган миш-миш тарқалиб кетди. 

Тўғри, ўшанда бироз ҳаяжонланиб қолганман ва ҳамма ёзганларимни бериб юборганман. Уларнинг орасида бугунги кунда танқид қилинаётган айрим “асар”ларим ҳам бор эди, мен бундан афсусдаман, албатта.

Тўғриси қалам ҳақи олиш учун ҳам кўп китоб ёзмайман. Одам ўзини мажбурлаб қачонгача ҳам ёзиши мумкин? Мисол учун, ҳозир бир одам битта уй совға қиламан, бир ойда битта китоб ёзиб бер, деса ҳам ёзмайман, ёза олмайман. Ҳар ойда битта китоб ёзиш миш-миш, холос.

Қанийди ростдан ҳам китобларим ортидан бойиб кетсам! Чет элни қўя туринг, Бухорони, Хивани кўрсам. Қанийди китобларим ортидан мен ҳам болаларимга Тошкентдан уй олиб берсам! Ёзувчилар уюшмасига ҳужжат топширганимда, бирор нарса ўрганармиканман, мен ҳам ёзувчилар даврасида юриб, тажрибам ошармикан, деб ўйлаганман. Уюшмага ҳужжат топширганимни эшитганлар эса “Уюшмага аъзо бўлишга даъво қиладиган даражага етдингми?” деб маломат тошларини отишди. 

Уларга айниқса, беҳаё ва ваҳшийлик асарларини ёзади, дейдиганларга айтмоқчиманки, шунчаки ziyo.uz сайтига киринг ва ҳикояларимни ўқинг, кейин фикр билдиринг. Яқинда “Оталар сўзи” кўрсатуви “Ўғирланмаган велосипед”ни видеофильм қилгани ҳам бежиз эмас. Мен кучли ёзувчи эмасман, аммо айримлар туҳмат қилаётган ёзувчи ҳам эмасман. Ижодим бошидаги айрим асарларимда йўл қўйган хатоларимни кейин тўғрилаганман.

“МТРК КАНАЛИНИ СУДГА БЕРГАН ЭДИМ”
Бир кун оила даврасида телевизор кўриб ўтирсак, менинг “Сано-стандарт” нашриётида нашр этилган “Марҳум келиннинг хиёнати” номли мистика жанридаги китобимни қўлида кўтарган журналист беҳаё китоб деб гапира бошлади. Сўнг Солиҳ Қаҳҳорнинг “Дайди қизнинг дафтари” асаридан парча ўқиб бериб, у матн менинг ўша китобимда борлигига ишора қилди. Ундаги парчада жисмоний тарбия ўқитувчиси бир ўқувчи қизга ахлоқсиз иш қилгани тасвирланган эди. Тасаввур қилинг, асар бошқа одамники, лекин кадрда менинг исмим битилган китоб. Шунда мен туҳмат учун ўша канални, кўрсатув муаллифини судга бердим. Камида 100 миллион сўм маънавий зарар тўлаб беришларини талаб қилдим. Бироқ менга дўстларим оғир бўлишим кераклигини айтиб, аризамни қайтариб олишимга эришдилар. 

“МОДДИЙ ЁРДАМ БИЛАН ЁЗУВЧИ ЕТИШТИРИБ ЧИҚАРИЛМАЙДИ, ЛЕКИН....”
Адабиётнинг ривожланишида ҳеч қачон биргина сабаб туртки бўлмайди. Агар мисол учун, адабиёт ривожланишининг 10 та омили бўлса, уларнинг энг биринчиси, одамларда китобга бўлган меҳрни уйғотиш. Ана шу ўнта сабаблардан яна бири эса ёзувчини моддий таъминлашдир. Тўғри, моддий жиҳатдан яхшилаш билан ёзувчи етиштириб чиқарилмайди, лекин бу ҳам омиллардан бири бўлади. Ёзувчиларнинг бошқа нарсаларга чалғимаслиги, кўпроқ ўқиб, ўз устида ишлаши учун уларга шароит яратиб берилиши керак деб ўйлайман. 

Тарихда бойлардан ҳам, камбағаллардан ҳам ёзувчи етишиб чиққан, керак бўлса, қамоқларда ўтириб асар ёзган ёзувчилар ҳам бўлган. Лекин, менинг назаримда, қалам ҳақи билан кун кечириш қийин бўлган даврда у қўллаб-қувватланса, ёмон бўлмайди. Баъзи истеъдодлар рўзғор ташвиши, икки-уч жойда ишлаш, дунёни кўролмаслик фожиаси ва бошқа сабаблар оқибатида сўниш сари юзланмоқда. Уларга ёрдам керак, деб ўйлайман. Кимдир бир марта бўлса ҳам қўнғироқ қилиб, фалон асарингиз чиқибди, ўқидим, бундан кейин фалон нарсаларга риоя қилсангиз, яхши бўлади, деб далда берса, йўл кўрсатса, ўсади. Агар у кимларнинг эшигини йиллаб тақиллатса-ю очилмаса, руҳан синиши мумкин. Кучли ёзувчи сунъий етиштирилмайди, у бўламан дедими, бўлади. Аммо адабиёт фақат классиклардан ва даҳолардан иборат эмас. Ёшларни кўпроқ олиб чиқадиган, уларни мудрашга қўймайдиган оператив тизим ташкиллаштирилса, собиқ Шўролар давридагидан ҳам кўп ёзувчи етишиб чиқишига ишонаман. Чунки ёзувчи ижтимоий муҳит ва давр маҳсулидир.

СУҲБАТДАН СЎНГ
Азамат Қоржовов билан узоқ суҳбатлашдик. У ўзини классик ёзувчилар қаторига қўшмасликларини тан олади ва бунга даъво ҳам қилмаслигини айтади. Унинг фикрича, мухлислари ортиб боришининг сабаби – у жуда оддий тилда ижод қилади. Оддийлик, бу – адабиётдан йироқлик эмас. Унингча, бизнинг ривоят, ҳикоятларимиз ҳам айнан оддий, содда тилларда ёзилган. Уларда ортиқча ясама бўёқлар йўқ, улар халқбоп.

“Мен доим ривоят ва ҳикоятлардан илҳомланаман, улар орқали халқ ичига кириб боришга интиламан”, дейди ёзувчи.

Азамат Қоржововни адабиётимизнинг кўпгина бугунги кунда кўзга кўринган намояндалари, устозлари танқид қилиши рост. Лекин бу назаримизда, бу ёзувчи китоб ёзишни тўхтатиши керак дегани эмас. Азамат Қоржовов китоблари ўқувчиларни маънавий қашшоқ қилмайди. Шундай экан, нега уни “дўппослашимиз” керак? Назаримизда, адабиётда ҳар кимнинг, жумладан, Қоржововнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Қолаверса, халқ орасида у жуда машҳур. Бундай қаламкашни танқид қилиш эмас, балки унинг юксалишига имкон яратиш керак. 
Нима дедингиз?..

Анора Содиқова, ЎзА
17 206