ЎзА Ўзбек

31.08.2016 12:21 Чоп этиш версияси

25 бошланғич ташкилот 9 номинация бўйича баҳслашди

25 бошланғич ташкилот 9 номинация бўйича баҳслашди “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.

“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Файзиева ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Тошкент вилоятидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида хотин-қизлар қўмитасининг 3 минг 800 дан ортиқ бошланғич ташкилоти соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бандликни таъминлаш, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш ва бошқа йўналишларда самарали фаолият кўрсатмоқда.

– “Энг намунали маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти” номинацияси бўйича ғолиб бўлганимдан хурсандман, – дейди Юқори Чирчиқ тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Шаҳноза Усмоналиева. – Фаол хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотларини аниқлаш, уларнинг илғор иш тажрибасини оммалаштиришга хизмат қилаётган ушбу танловда фаолиятимизга оид кўплаб янгиликлар билан танишдик, бир-биримиздан ўргандик. Бу кейинги фаолиятимизни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Барча номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
7 551