ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Бош вазир ўринбосари велосипедда марафон йўналиши билан танишди

Бош вазир ўринбосари велосипедда марафон йўналиши билан танишди

Хабар берганимиздек, бугун Самарқанд шаҳрида жорий йил 1 ноябрь куни ўтказиладиган Samarkand Half Marathon (яриммарафон)га тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида бу йил иккинчи марта ташкил этилаётган мазкур хайрия югуриши мамлакатимизда маданият ва санъат объектларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва спорт туризмини ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Samarkand Half Marathon ташкилий қўмита раиси А.Абдуҳакимов, жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Эрматов ва бошқалар бу йилги марафон аутизмга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга бағишланишини таъкидлади. 

photo_2020-10-17_12-12-29.jpg

Дунёдаги оғир эпидемиологик вазият туфайли Самарқандга кела олмайдиган иштирокчилар виртуал форматда марафонда қатнашишлари мумкин. Виртуал югуриш формати иштирокчиларига манзил ва масофани танлаш эркинлигини беради ҳамда натижалар Strava иловасида қайд этилган маълумотларга кўра қабул қилинади. 

Дастлаб профессионал спортчилар учун 21 км масофага мўлжалланган классик яриммарафон ўтказилади. Шундан сўнг бошқа иштирокчилар, шунингдек, бу йил илк бор болалар ҳам марафонда қатнашади.

Марафонда қатнашиш истагида бўлганлар 1 ноябрга қадар яриммарафоннинг www.samarkandhalfmarathon.uz сайтида иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтиши лозим.

photo_2020-10-17_12-12-07.jpg

Матбуот анжуманида яриммарафон дастурида иштирок этувчи халқаро ташкилотлар вакиллари “Аутизм. Дўстона муҳит” дастури менежери Александра Петрова ва Екатеринбург шаҳридаги "Открытый город” АНТ директори, “Город мастеров” ижтимоий устахоналари раҳбари ва аутизмга чалинган болалар ва катталар учун бир қатор йирик инклюзив ижодий лойиҳалар директори Анна Клещёва, Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Севара Назархон ҳам онлайн иштирок этиб, ўз фикрларини билдирди. 
 
Матбуот анжумани давомида ташкилотчилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Анжумандан сўнг А.Абдуҳакимов бошчилигидаги ташкилий қўмита аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари велосипедда яриммарафон йўналишини кўздан кечирди.

3 664
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА