ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Бош вазир қабулхоналари: муаммо, ечим ва самара

Бош вазир қабулхоналари: муаммо, ечим ва самара
Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти томонидан сайёр мажлис ва қабул ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти мудири Ғолибшер Зиёев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ҳудудлардаги Бош вазир қабулхоналари фаолиятини ўрганиш учун жорий йил 25-26 сентябрь кунлари Жиззах вилоятида бўлди.

Котибият ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонига мувофиқ ҳудудларда тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг муаммолари ҳал этиш бўйича ташкил этилган Бош вазир қабулхоналари фаолияти ўрганиб чиқилди.

6.jpg

Ўрганишлар якуни Дўстлик туманида ўтказилган сайёр мажлисда Бош вазирнинг вилоят, шаҳар, туман қабулхоналари мудирлари, ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар, идоралар, тижорат банклари раҳбарлари ҳамда вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари вакиллар иштирокида муҳокама этилди. Мажлисда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришнинг янги тизими – Бош вазир қабулхоналари ташкил этилгани аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Тўғрисини айтганда, мазкур тизим ташкил этилгунга қадар тадбиркорларнинг вилоят ёки Республика миқёсида ҳал этиладиган муаммолари ечимига узоқ вақт талаб этилар эди. Айниқса, ортиқча оворагарчиликлар маҳаллий тадбиркорларнинг ҳам, инвесторларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилиб, тадбиркорлик ривожига катта тўсиқ бўлаётганди. Эндиликда тадбиркор ва инвесторларни қийнаётган муаммолар Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари орқали тезкор ҳал этилиб, тадбиркорларнинг вақти ва маблағи тежалмоқда.

Жойларда тадбиркорларнинг ҳал этилиши мумкин ва керак бўлган муаммолари анчагина. Корхона, ишлаб чиқаришнинг очилиши ёки муайян йўналишдаги инвестициялар бир-бири билан боғлиқ ҳаракатлар занжирини ишга туширади. Аввало, бу фуқароларнинг иш билан бандлигидир. Иккинчидан, бу ушбу ҳудуднинг иқтисодий ривожида муҳим ҳисса қўшади.

7.jpg

Ўрганишлар ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари кенг ривожланиши учун имконият кенгайганини кўрсатди. Тадбиркорлар, инвесторлар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда қабулхоналарга мурожаат қилмоқда. Мурожаатлар электрон маълумотлар базасида қайд этилаётир. Агар муаммо туманда ҳал этилмаса, у минтақавий даражага ўрганилади. Агар шунда ҳам вазият ўзгармаса, у республика даражасида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли органлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиши учун жўнатилмоқда.

Мисол учун Дўстлик туманидаги “Олмас гамбай”, “Уста сафар ота”, “Жўрабек-К” фермер хўжаликлари давлатга дон сотиш шартнома режаларини бажарганликлари, аммо ҳақларини ҳисоб рақамларига ўтказиб берилмаётгани бўйича мурожаатлари туманда ҳал этилмаган эди. Мазкур мурожаат вилоят ҳокими, Қишлоқ хўжалик вазири ва “Агробанк” республика бошқарувига юборилиб, бир ҳафта муддатда ҳал этиб натижаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилиш учун топширилди.

Сайёр мажлисда Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятидаги камчилик кўрсатилиб, уларнинг ишини яхшилаш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.

9.jpg

Шу куни Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти мудири Ғ.Зияев сайёр қабул ўтказди. Унда Бош вазирнинг вилоятидаги, тумандаги қабулхонаси мудирлари, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, Дўстлик тумани ҳокими ва туман ҳокимининг ўринбосарлари, идоралар, тижорат банклари раҳбарлари ҳамда вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари вакиллар иштирок этди.

– Бош вазир қабулхоналари очилиши биз, тадбиркорларга умид бағишлади, – дейди Дўстлик туманиликякка тартибдаги тадбиркор Гулбаҳор Бобоева. – Ижарага бериб ишлатиб келаётган учта савдо дўконим туман ҳокими топшириғи билан бузилиши керак, деб фаолияти тўхтатиб қўйилди. Беш ойдан буён идорама-идора чопиб ҳеч натижа чиқмади. Энди умидим Бош вазир қабулхонасидан.

11.jpg

Қабул давомида тадбиркорлар томонидан қилинган 26 та мурожаатнинг 1 таси жойида ҳал этилди, 25 та мурожаат республика даражасида кўриб чиқилиши учун назоратга олинди.

Мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан вазирлик ва идораларга ўзлари қабул қилган қарорлари ва амалга оширган ишлари тўғрисида тадбиркорларни ёзма равишда хабардор қилишлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот беришлари юклатилди.

16 276
Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА