ЎзА Ўзбек

25.05.2019 16:54 Чоп этиш версияси

Бош прокурор ўринбосари сайёр қабул ўтказди

Бош прокурор ўринбосари сайёр қабул ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Юлдашев Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани марказида ўтказган сайёр қабулда Дўстлик, Пахтакор, Зафаробод ва Арнасой туманлари аҳолиси қатнашди.

Ҳокимликлар, вилоят ташкилот ва идоралари, секторлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда 69 фуқаронинг мурожаати эшитилди.

Қабулга келган фуқароларнинг кўпчилиги йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви таъминоти, уй-жой, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва тадбиркорликни ривожлантириш, коммунал соҳалардаги камчиликларни тузатиш, ишга жойлашишда кўмаклашиш, ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаат қилди.

Мурожаатларнинг 18 таси қабул давомида қаноатлантирилди. 8 нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланди. Ўрганиш вақт талаб этадиган 51 та мурожаатни ҳал этиш тегишли давлат идораларига топширилди. Суд қарорлари, суриштирув ва тергов фаолиятига оид мурожаатлар ҳал этиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилиб, ижроси назоратга олинди.

– Анчадан бери ногиронлар аравачасига муҳтож эдим, – дейди Мирзачўл туманидаги Пахтазор шаҳарча фуқаролар йиғини, Юсуф Хоз Ҳожиб кўчасида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Нарзиқул Тонготаров. – Сайёр қабулдаги мурожаатим шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Кўрсатилган ғамхўрликдан беҳад мамнунман.

Сайёр қабул давомида вилоятдаги тижорат банклари томонидан “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида ажратилган имтиёзли кредитлар эвазига бир гуруҳ фуқароларга мини трактор, музқаймоқ тайёрлаш ускунаси, тикув машиналари топширилди.

Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА мухбири
4 594