ЎзА Ўзбек

16.08.2018 17:51 Чоп этиш версияси

Бош прокурор бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Кореяга ташриф буюрди

Бош прокурор бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Кореяга ташриф буюрди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ахборот хизматининг маълумотларига кўра, Бош прокурор О.Муродов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси томонидан Корея Республикасининг айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида қатор учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, Адлия вазирлигида адлия вазири ўринбосари жаноб Ким О Су билан ўтказилган учрашувда ҳуқуқий соҳадаги келгусидаги ҳамкорлик ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Адлия вазирлиги вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, нисбатан қисқа давр ичида эришилган жиддий ютуқлар тўғрисида маълумот берилди. Корея тарафи Ўзбекистондаги янгиланишларга ижобий баҳо бериб, Корея Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси олдига қўйилган умумий вазифаларни инобатга олган ҳолда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурати ва бунга қатъий ҳозирлик ифода этилди.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқи Комиссияси раиси (хоним Пак Ун Жон), Адвокатлар ассоциацияси раиси (жаноб Хюн Ким) ва Корея Республикаси Бош прокурори (жаноб Мун Му Ил) билан учрашувлар ўтказилди.

Муҳокамалар натижасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган Корея Олий прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўртасидаги ҳамкорлик Дастури имзоланишига эришилди.

Бундан ташқари, ташриф давомида Ўзбек-корейс бизнес марказида Бош прокурор О.Муродов иштирокида потенциал инвесторлар билан брифинг ўтказилди.

ЎзА
4 572