ЎзА Ўзбек

24.12.2019 Чоп этиш версияси

Бош прокуратура сайлов билан боғлиқ шикоят ва эътирозлар натижалари бўйича расмий баёнот берди

Бош прокуратура сайлов билан боғлиқ шикоят ва эътирозлар натижалари бўйича расмий баёнот берди

Бош прокуратура томонидан ижтимоий тармоқларда “Айрончи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, “Этак” 15-сайлов округидан туман халқ депутатлари кенгашига ўз номзодини қўйган Ғ.Боймирзаевдан мажбурий равишда ўз номзодини қайтариб олиш ҳақида ариза ёздириб олишаётганлиги тўғрисида тарқалган хабар текширилди.

Текширишда, Ғ.Боймирзаев Халқ депутатлари Косон тумани кенгаши депутатлигига номзод сифатида кўрсатилган бўлиб, унинг номзоди сайлов бюллетенидан олиб ташланмагани ва қонуний равишда сайловларда депутатликка номзод сифатида иштирок этганлиги аниқланди.

***

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш, жумладан, ҳокимлик мутасаддилари маҳалла раисларига муайян номзодларни қўллаб-қуватлаш ҳақида топшириқ берганлиги билан боғлиқ маълумотлар тарқатилиб, ушбу ҳолат Бош прокуратура томонидан текширилаётганлиги тўғрисида маълум қилинган эди.

Ушбу ҳолат бўйича текшириш ўтказилиб, бирон бир шахс томонидан юқоридаги сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашганлик ҳолатлари тасдиқланмади.

***

Бош прокуратура томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган округ ва участка сайлов комиссияларига Тошкент шаҳар Яшнобод туманида овозларни санаб чиқиш бўйича якуний баённома нусхасини тўлдириш ва баённома нусхаларини ҳеч кимга тарқатмаслик юзасидан ғайриқонуний кўрсатма берилиши билан боғлиқ маълумотлар текширилди.

Текширишда, Яшнобод тумани ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Қ.Хусанов 22 декабрь куни тумандаги округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятига ноқонуний аралашиб, 30 та участка сайлов комиссиялари раисларига сайловдан кейин зудлик билан сайлов баённомаларининг қоралама нусхалари билан етиб келишини ҳамда баённомаларнинг асл нусхаларига бирон-бир ёзув киритмаслик ҳақида ноқонуний кўрсатма берганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда.

***

Бош прокуратура томонидан 22 декабрь куни соат 22.00 ларда “Телеграм” тармоғида тарқалган Сергели туманидаги сайлов участкасида содир қилинган қонун бузилиш ҳолатлари акс этган видеолавҳа текширилди.

Текширишда сайлов участкасида сайлов натижалари бўйича овозларни саноқдан ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнига номзодларнинг ишончли вакиллари ва кузатувчилар киритилмасдан, саноқдан ўтказиш алоҳида хонада амалга оширилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан 23.12.2019 йилда Жиноят кодексининг 146-моддаси ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***

Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзосиБ.Холматовнинг мурожаати текширилди.

Текширишда, Учтепа тумани ҳокимлиги ташкилий — кадрлар гуруҳи раҳбари Ш.Нигматов Ўзбекистон Экологик партияси ички ишларига ва сайлов жараёнига ноқонуний аралашганлиги аниқланди.

Ш.Нигматов ва партиянинг туман кенгаши раиси Қ.Махкамовлар Либерал демократик партия аъзоси Б.Холматов, “Адолат” партияси аъзоси Ҳ.Юнусова ҳамда 2017 йилдан Америка қўшма штатларида яшаётган С.Азимоваларнинг номзодини уларнинг розилигисиз ва хабарисиз Экологик партиядан Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутатлигига номзод сифатида кўрсатиб, сайлов ҳужжатларига сохта маълумотлар киритишганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан 23.12.2019 йилда Жиноят кодексининг 146-моддаси ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

6 845
ЎзА