Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.07.2018 19:28 Чоп этиш версияси

Бош прокуратура: 11 минг 827 тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди

Бош прокуратура: 11 минг 827 тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида прокуратура органлари томонидан 2018 йилнинг биринчи ярмида муайян ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати маълумотларига кўра, қонунбузилишлар сабабларини бартараф этиш юзасидан жорий йилнинг ўтган олти ойида жойларга 10 минг 951 тақдимнома юборилди. Судларга 53,2 миллиард сўм моддий зарарни ундириш ҳақида 5 минг 906 ариза киритилди. 5 минг 156 шахс огоҳлантирилди. Қонунни четлаб ўтишни кўзлаган 27 минг 741 фуқаро интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 788 жиноят иши қўзғатилди. Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида жами 250,7 миллиард сўмлик зарарлар қопланди.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида коллеж битирувчиларини ишга жойлаш ва мазкур соҳадаги ҳисоботлар ҳаққонийлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганишлар натижасида 2 минг 16 янги иш ўринлари яратилганлиги ҳақида ҳисобот кўрсаткичларига қўшиб ёзишлар аниқланди. Бу йўналишда 34 миллион сўм зарар ихтиёрий ундирилди. Судларга 4,5 миллиард сўм моддий зарарни ундириш ҳақида 1 минг 991 даъво аризаси киритилди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 10 жиноят иши қўзғатилди.

Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан қонунлар ижроси устидан тизимли равишда назорат ташкил этилди. Мазкур соҳадаги назорат тадбирлари натижалари бўйича фермер хўжаликларига 81,1 миллиард сўм кредит, 11,5 миллиард сўм иш ҳақи, 645 миллион сўм нақд пул маблағлари олишида, шунингдек, 3,7 миллиард сўм дебитор қарзларни ундиришда, 344 та фермер хўжалигига рўйхатдан ўтиш ва банкда ҳисобрақами очишда амалий ёрдам кўрсатилди. 11 минг 259 гектар асоссиз ажратилган ёки ноқонуний фойдаланиб келинаётган ер майдонлари захирага қайтарилди.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ тегишли ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва турмуш сифатини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилди. Бу борада 22 минг 55 оилага манзилли ёрдам кўрсатилиб, уларнинг моддий аҳволи яхшиланди. Фаолиятини тўхтатган 11 минг 827 тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди. Пировардида, 9 минг 37 янги иш ўрни яратилди. Салкам 10 мингга яқин тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилди. 80,3 минг тадбиркор тўлов терминаллари билан таъминланди. Кўп қаватли уйлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига 8 минг 730 га яқин видеокузатув камерасининг ўрнатилгани маҳаллалар хавфсизлигини таъминлаш имконини яратмоқда.

Бош прокуратуранинг Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш маркази билан 56 вазирлик ва идоралар ўртасидаги электрон ҳамкорлик тизими самарали фаолият кўрсатмоқда. Марказда ахборот-коммуникация технологиялари орқали мурожаатларнинг ҳал этилиши устидан тизимли назорат йўлга қўйилган. Марказга 2018 йилнинг 6 ойи мобайнида 44 минг 300 га яқин мурожаат бўлган, уларнинг 8 минг 113 таси қаноатлантирилди.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида идоралараро ҳамкорликни кучайтириш бўйича ўтказилган тадбирлар ҳам яхши самара бермоқда. Натижада умумий жиноятчилик 38,7, жумладан, талончилик 58,8, босқинчилик 58,6, безорилик 50,1, товламачилик 45,5, ўғрилик 44,4, фирибгарлик 39,2, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 17,7 ва қотиллик 17,6 фоизга камайди.

Ўтган олти ойда Идоралараро тезкор-қидирув гуруҳи томонидан 4 минг 270 оғир ва ўта оғир жиноятлар фош этилди. Жиноятни ҳисобдан яшириш бўйича 662 ҳолат аниқланди, шунингдек, жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни қасддан яширган 20 шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Қидирувдаги 2 минг 295 шахс ушланди. Бедарак йўқолганлик ҳақидаги 150 дан ортиқ материаллар ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди ва жиноят ишлари қўзғатилди.

Бевосита прокуратура органлари томонидан 148 минг 29 мурожаат кўриб чиқилди, 141 минг 830 фуқаро қабул қилинди. Натижада судларга 7,4 миллиард сўмлик зарарни ундириш ҳақида 579 ариза берилди. Минг нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 147 жиноят иши қўзғатилди. 23,9 милиард сўмлик иш ҳақи, пенсия, алимент ва бошқа тўловларни олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Иқтисодий жиноятлар, хуфиёна иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашни кучайтириш бўйича кўрилган чоралар натижасида 4 минг 19 ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 1 минг 886 маъмурий ва 2 минг 114 жиноят иши қўзғатилди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида 557 яширин цех юритиш билан боғлиқ жиноят ишлари қўзғатилди. 1884 субъектнинг фаолиятига қонуний тус берилиб, бунинг натижасида 2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Порахўрликка қарши курашиш борасида 445 та жиноят аниқланди. Тиббиёт буюмлари ва дори-дармон билан савдо қилиш қоидалари ҳамда нархларни белгилаш тартиби бузилишининг олдини олиш мақсадида савдо қоидалари ва нархларни белгилаш билан боғлиқ 82 ҳолат аниқланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолияти ҳам ўзини оқламоқда. Хусусан, жорий йилнинг олти ойи мобайнида МИБга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида электр ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналаридаги кўрсаткичларни кўрикдан ўтказиш ва электрон кузатиш имконини берувчи “Инспекторлар фаолиятини назорат ва таҳлил қилиш” дастурининг веб ва мобил иловалари амалиётга жорий этилди. Давлат инспекторларининг кунлик кўрик йўналишини GPS хизмати орқали харитада белгилаш, кузатиш ва тизимнинг маълумотлар базасига киритилган объектларни кўрсатиш каби қулайликлар яратилди. Хатланган мол-мулкларни электрон онлайн аукционларда реализация қилиш учун “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси яратилиб, онлайн-аукционлар ўтказиш йўлга қўйилди. Бюро ҳузуридаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонасида электрон рақамли имзоларни рўйхатдан ўтказиш маркази ташкил этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро жараёнини автоматлаштирилган тартибда назорат қилиш учун “MIB Ijro” дастури ишлаб чиқилди.

Энергия ресурслари учун тўловларни ундириш мақсадида 1 триллион 119,1 миллиард сўм қарзи бўлган 113 минг 539 юридик шахснинг банкдаги ҳисобрақамига инкассо топшириқномалари қўйилди. Бу борада судларга 37 минг 522 даъво аризалари киритилди.

Ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширмаган ва тармоққа ноқонуний уланган 149 минг 812 истеъмолчи, шу жумладан, 14 минг 403 юридик шахс электр ва газ тармоқларидан узилди. Энергия ресурслари учун тўловни ундириш юзасидан кўрилган чоралар натижасида 8 триллион 771 миллиард сўм ундирилди.

Бир сўз билан айтганда, бу йўналишда олиб борилаётган ишлар фуқароларнинг қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишини таъминлашда, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришда, жиноятларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 820