Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 23:15 Чоп этиш версияси

Бошқарма ҳузурида жамоатчилик кенгаши тузилди

Бошқарма ҳузурида жамоатчилик кенгаши тузилди
Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳузурида жамоатчилик кенгаши тузилди.

Шу муносабат билан ўтказилган ташкилий йиғилишда Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти таъкидланди.

Ушбу ҳужжат асосида йўл инфратузилмасини тубдан яхшилаш, сифатини ошириш, йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароит яратиш ишларини тубдан ўзгартириш ва самарадорлигини юксалтириш мақсадида ишлаб чиқилган 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Концепция доирасида вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳузурида ташкил этилган 22 кишидан иборат жамоатчилик кенгашига вилоят матбуот ва ахборот, халқ таълими, мактабгача таълим бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими каби кўплаб идоралар вакиллари киритилди.

Кенгашга йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва ушбу соҳада хавфсизликни таъминлаш бўйича жамоатчилик фикрини тизимли равишда ўрганиш, 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ва у асосида қабул қилинадиган "Йўл хариталари"да назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши ва натижаларини мониторинг қилиш каби муҳим вазифалар юклатилди.

Йиғилишда жамоатчилик кенгаши фаолиятини самарали ташкил қилиш юзасидан фикр алмашилди.

А.Сатторов, ЎзА