ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

"Бори элға яхшилик қилғил" номли мушоира кечаси бўлиб ўтди

"Бори элға яхшилик қилғил" номли мушоира кечаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида "Бори элға яхшилик қилғил" номли мушоира кечаси бўлиб ўтди.

Унга ёзувчи ва шоирлар, бобуршунос олимлар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар, афғонистонлик ёзувчи ва шоирлар, ўқитувчилар, адабиёт мухлислари таклиф этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётга оид ислоҳотларда Бобур меросини чуқур ўрганиш, хотирасини эъзозлаш, асарларида тараннум этилган эзгу ғояларни кенг тарғиб этиш борасида ҳам катта ҳажмда ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

photo5348278764188052626.jpg

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янада обод гўшага айлантирилаётган "Адиблар хиёбони"да эндиликда Алишер Навоийнинг қиблага юз тутган сиймоси билан бирга Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ҳам қад ростлайди. Юртимиздаги кўплаб нашриётларда боболаримизнинг асарлари чоп этилмоқда. Олим ва тадқиқотчиларимиз Бобур ва унинг асарларига оид изланишлар олиб бормоқда. Беназир шоир ўз асарларида улуғлаган ғоя – она тилимизга, миллий адабиётимизга, маънавият, илм-маърифатга эътибор кун сайин ортиб бормоқда.

– Бобурнинг шоирлиги, олимлиги, носирлигини бутун дунё билади, – деди филология фанлари доктори Олимжон Давлатов. – Нима учун уни дунё севиб ўқийди? Нега жаҳон адабиёт аҳли, китоб мухлислари Бобурга маҳбуб? Бунинг сабаби – шоирнинг асарларида яққол уфуриб турган ростгўйлигида. Жаҳонда муаллиф ўз камчиликларини рўй-рост тан олган "Бобурнома"чалик асарни топиш мушкул. Мақсад қанчалик улуғвор бўлса, унга эришиш йўли ҳам шунча машаққатлидир. Демакки, бундай мураккаб йўлда инсон хато қилиши муқаррар. Ҳазрати Бобур ҳар бир хатосидан тегишли хулоса чиқарган, руҳи пўлатдек тобланган, куч-қувват олган. Ўзи бошидан кечирмаган, ўтказмаган жиҳатларни ёзмаган. У миллат, мамлакат дардини ўз дардидек қабул қилгани сабабли ҳам қисқа умр кўрган. Шунинг учун халқимиз Бобурга эҳтиром кўрсатади. Уни маънавият пешвоси санайди. Шоир ўз асарларида Андижон, Самарқанд, Кобулни кўпроқ тилга олади. Умид шулки, Кобулда ҳам маънавият, адабиёт, илм-маърифат гуллаб-яшнаса. Ўзбек тилини эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш, тилшунослик, муомала маданияти каби жиҳатлар Бобур асарларида мужассамдир.

photo5348278764188052625.jpg

– Ҳазрати Бобур ҳақида кўплаб китоблар нашр этилган, – деди афғонистонлик шоир Саид Ҳожиддин Тошқин Баҳоий. – Жавоҳарлаъл Неру "Жаҳон тарихига назар" китобида агар Ҳиндистон осмонга учса, Бобур ва бобурийлар қанотида учишига рамзий ишора қилган. Бобур Мовароуннаҳр, Хуросан – ҳозирги Афғонистон, Ҳиндистон маданиятини бириктириб, улкан маданият яратдики, натижада унинг ўзи ҳам жаҳоншумул шахсга айланди. Ижтимоий фанларнинг аниқ соҳалари "Бобурнома"да яққол кўринади. Бу асар афғонистоншунослик учун илк манбаа саналади. Бу илмга киришиш "Бобурнома"сиз сира амалга ошмайди. Улуғ шоир тилга олган қишлоқлар, анъаналар, ўсимликлар дунёси бари шу асарда мукаммал келтирилган.

"Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири, таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев Бобур асарларида тилга олинган бошқа халқлар маданиятига ҳурмат билан муносабатда бўлишдек жиҳатлар бугун Ўзбекистоннинг яқин қўшни давлатлар билан ўзаро ҳурмат асосида ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйганида яққол намоён бўлаётганини таъкидлади. Айни пайтда афғонистонлик бизга миллатдош қаламкашларни "Жаҳон адабиёти" таҳририяти билан ижодий ҳамкорликка чорлади.

Мушоирада таниқли ҳофиз, "Ниҳол" мукофоти соҳиби Илёсбек Арабов томонидан Бобур ғазаллари билан куйланувчи қўшиқлар ижро этилди. "Онажоним – шеърият" тўгараги аъзолари, ёш шоирлар бобомизнинг ғазалларидан намуналар ўқидилар. Адабий кеча ғоят самимий, файзли, илиқ ва дўстона руҳда ўтди.

715
Назокат УСМОНОВА, ЎзА