ЎзА Ўзбек

11.05.2018 17:09 Чоп этиш версияси

“Бор бўлинг, ҳамширалар!”

“Бор бўлинг, ҳамширалар!”
Ҳар йили 12 май – Халқаро ҳамширалар куни сифатида бутун дунёда, шу жумладан, юртимизда ҳам кенг нишонланади. 

Жорий йилги Халқаро ҳамширалар куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан “Саломатлик – инсон ҳуқуқи, уни таъминлашда ҳамшираларнинг ўрни ва истиқболи” шиори остида ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан 11-12 май кунлари пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Кино саройида илмий-амалий семинар ўтказилмоқда.

Тадбирда тиббиёт муассасаси, жумладан, тиббиёт ҳамшираси фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратилгани ва ушбу мезон орқали баҳоланиши таъкидланди.

Анжуман давомида аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатишда ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган ўрта тиббиёт ходимларидан бир гуруҳи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони ва фахрий ёрлиғи ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Ҳамшираларни касб байрами билан муборакбод этиш мақсадида “Бор бўлинг, ҳамширалар!” деб номланган гала-концерт намойиш қилиниб, унда элимиз суйган санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар ижро этилади.

Шунингдек, анжуман доирасида иштирокчилар Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади, мустақиллик йилларида барпо этилган бино ва иншоотлар билан яқиндан танишади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
11 681