ЎзА Ўзбек

03.07.2018 20:49 Чоп этиш версияси

Болгария Парламенти вакиллари Бухорода

Болгария Парламенти вакиллари Бухорода
"Болгария – Ўзбекистон" дўстлик гуруҳи раиси Адлен Шукри Шевкед хоним бошчилигидаги Болгария Республикаси Халқ мажлиси делегацияси 3 июль куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонлар Бухоро вилояти иқтисодиёт сектори мутасаддилари, туризм, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Умаров иқтисодиётни ривожлантириш, туризм салоҳиятини юксалтириш борасида қилинаётган ишлар, хорижий сармоядорлар учун яратилган шароит ва имтиёзлар, қулай инвестиция муҳити ҳақида маълумот берди.
Болгария делегацияси аъзолари вилоят тадбиркорлари ва туризм соҳаси вакиллари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашди. Бу томонлар учун ҳамкорлик йўналишларини аниқлаб олиш нуқтаи назаридан қизиқарли бўлди.
– Ташрифимиз давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик, – дейди Адлен Шевкед. – Тошкент ва Бухорода ўтган учрашувларда юртингиз ҳақидаги тасаввурларимиз янада бойиди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришда парламентларимиз ҳамкорлиги муҳим самара беришига ишонаман.
Болгариялик меҳмонлар ташриф доирасида Бухоронинг тарихий обидалари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Э.ЁДГОРОВ, ЎзА
12 303