ЎзА Ўзбек

06.07.2018 19:36 Чоп этиш версияси

Болажонлар вақти чоғ ўтмоқда

 Болажонлар вақти чоғ ўтмоқда
Сирдарё вилоятидаги 2 доимий ва 41 кундузги оромгоҳда ўқувчилар ёзги таътил кунларини мароқли ўтказмоқда. 

Вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, прокуратураси, халқ таълими, адлия, ички ишлар, жисмоний тарбия ва спорт, маданият бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида оромгоҳларда ўқувчиларнинг мазмунли дам олиши, янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриши учун барча шароит яратилган.

"Китобхон болажон", "Асфальтдаги суратларда ҳаёт акси", "Ватанимни куйлайман", "Қувноқлар ва зукколар” каби танловлар, футбол, волейбол, енгил атлетика, сузиш, шахмат-шашка, стол тенниси бўйича спорт мусобақаларида ўқувчилар зўр иштиёқ билан иштирок этмоқда. “Инглиз тили”, “Рус тили”, “Ёш рассомлар”, “Ашула ва рақс”, “Саломатлик ва экология” тўгаракларига, турли спорт секцияларига малакали ўқитувчи ва мураббийлар жалб этилган. 

4 (1).JPG

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида биринчи босқичда 334 нафар ўқувчи ҳордиқ чиқарган бўлса, иккинчи босқичда 340 бола ёзги таътилни мароқли ўтказмоқда.

Мавсум бошлангунга қадар жорий таъмирдан чиқарилган оромгоҳда 400 ўринга мўлжалланган ошхона, маънавият хонаси, кутубхона, дам олиш хоналари замонавий жиҳозланган. Спорт майдончалари ва бассейн уларнинг жисмонан чиниқиши ва кўнгилдагидек дам олишига хизмат қилмоқда.

5 (1).JPG

– Ўғлим Усмонбекни оромгоҳга бу йил биринчи марта юбордик, шунинг учун ундан хабар олгани келдик, – дейди Оқолтин туманидан Муҳайё Раҳимова. – Тўғриси, оромгоҳда яратилган шароит ва қулайликлардан кўнглим тўлди. Гулистон шаҳар прокуратураси ва вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган "Китобхон болажон" танловини ҳамда югуриш марафонини томоша қилдим. Барча болаларга ранг-баранг китоблар, музқаймоқ, ширинлик ва яхна ичимликлар совға қилинди. Буларни кўриб, ўзимнинг болалигим ёдимга тушди. У пайтлар бундай шароитлар қаёқда, дейсиз. Ўша даврларда оромгоҳга боришдан юрак безилларди. Қорнимиз тўймай, уйга озиб-тўзиб қайтардик. Бугун эса бари бошқача. 

Оромгоҳ ошхонасига фақат гўшт, шакар, турли ширинликлар, ўсимлик ёғи ва ун маҳсулотлари сотиб олинар экан. Қолган барча маҳсулот оромгоҳнинг ўзидан чиқади. Сут, қатиқ, сариёғ дейсизми ёки полиз ва сабзавот маҳсулотлари, ҳатто турли ҳўл меваларгача оромгоҳнинг ўзида етиштирилади. Нон ва турли пишириқлар ҳам кичик нон цехида тайёрланади. 

Оромгоҳ директори Мурод Аллаёровнинг айтишича, учинчи босқич учун 356 та йўлланма тарқатилган.

А.Қаюмов, ЎзА 

Фурқат Тошматов олган суратлар (ЎзА)
11 882