ЎзА Ўзбек

14.09.2018 17:53 Чоп этиш версияси

Болангиз боғчага борадими?

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида боғча ёшидаги болаларнинг 82 фоизи мактабгача таълим муассасаларига жалб этилган. Уларга 400 дан зиёд малакали педагог-тарбиячи таълим бермоқда.

Айни пайтда болаларни мактабгача таълим муассасаларига янада кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жумладан, шаҳарда қўшимча 50, 75 ва 100 ўринли 5 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур муассасаларда 450 бола тарбияланади. Ҳозирда ушбу мактабгача таълим муассасаларини қуриш ишлари давом этмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 та боғчага болалар ўйин майдончаси учун 100 миллион сўмлик аттракционлар олиб берилди, 4 та МТМга 125 миллион сўм эвазига кузатув камералари ўрнатилди.

Янги Зарафшон маҳалласи шаҳар ҳудудидан 2 километр узоқликда жойлашган. Шуни инобатга олиб, мазкур маҳаллада 100-150 нафар бола қамровига мўлжалланган давлат МТМ қурилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, 16- ва 20-боғчаларда ёпиқ бассейнлар қурилади.

– Шаҳримизнинг қай бурчагига борманг, жадал янгиланишларга, кўп қаватли турар жойлар ёки бошқа бирор объект барпо этилаётганига гувоҳ бўласиз, – дейди Геолог маҳалласида яшовчи Ф.Зойиров. – Хусусан, мактабгача таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар биз, ота-оналарни, айниқса, хурсанд қилмоқда. Илгари фарзандларимизни боғчага қўйиш учун узоқ навбат кутишга тўғри келар ёки бунинг умуман иложи бўлмас эди. Бугун эса ушбу масалалар тўлиқ бартараф этилмоқда.

Мамлакатимизда ҳеч бир бола эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмайди. Уларнинг бахту камоли йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида яқин йилларда боғча ёшидаги зарафшонлик болаларнинг барчаси мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олинади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 203