ЎзА Ўзбек

11.08.2018 15:04 Чоп этиш версияси

Болалигимга қайтарган мамлакат

Болалигимга қайтарган мамлакат

– Сувда электрон борми?
– Сув, домлажон, битмас-туганмас электр манбаи.
– Масалан... Масалан? Фарход ГЭС, Нурек ГЭС......

Эсладингиз. “Учрашув” фильмидаги Эргаш Каримовнинг сўзлари.
Бугун Нурек ГЭСини эмасу, Нурек сув омборини бориб кўрдик.

Кулоб сари йўлга чиқар эканмиз, Нурек сув омборидан ўтдик. Кулобда бизларни шаҳар ҳокими Хайрулло Омонулло кутиб олди. Сўнг Мир Саид Али Ҳамадоний мақбарасини зиёрат қилдик. Асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган “Томоша тепа” маҳалласидаги мактабга бориб, у ерда халқ ҳунармандчилик кўргазмаси билан танишдик. Бу йил Тожикистонда “Туризм ва ҳунармандчилик йили” деб номланган, шу сабабли ҳунармандчиликка катта эътибор берилаётганини кўрдик. Оқсоқоллар билан суҳбатлашдик. Кексалар икки мамлакат раҳбарларини дуо қилишар экан, ўзбеклар ва тожиклар эт ва тирноқ эканликларини, этни тирноқдан ажратиб бўлмаслигини қайта-қайта таъкидлашди. Шу ерда болалигим ёдимга тушиб кетди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Туроб Тўланинг 60 йиллик юбилейи қишлоғимизда ҳам нишонлаган, бутун ўзбекистонлик ёзувчилар ташриф буюрган эди. Ўшанда биз болалар ҳайрат кўзи билан ёзувчи ва шоирларга боққан эдик. Ахир биз тирик адибларни кўриб турардик. Мактабда бизни кутиб олувчилар орасида мана шу – беғубор болалар ҳам бор эди.

20180810_091317.jpg

Ортга қайтар эканмиз, кўп йиллар мобайнида ўқитувчилик қилган Ўлмасхон Раҳимова “уйга кириб бир пиёла чой ичиб кетасизлар”, дея туриб олди. Бизга ҳамроҳлик қилаётган расмийлар бунга эътироз билдиришди. Чунки бошқа учрашув белгиланган эди. Аммо бизни таклиф этган маҳаллий аҳоли вакилининг уйига бордик. Бу уйда болалик хотираларим яна ёдга тушди. Қўлимизга обдастада сув қуйиб, сочиқ тутишди.

20180810_115244.jpg

Кулобдан сўнг Данғара туман марказига келдик. Бу ерда Хатлон вилояти Раисининг ўринбосари Маҳфират Хидирзода кутиб олди ва ташрифимиз сўнггигача ҳамроҳлик қилди. Данғара Давлат университети фаолияти билан танишдик. Бу борада университет ректори Шоҳиён Нурали Набот атрофлича маълумот берди ва Ўзбекистон олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик қилиш нияти борлигини билдирди. 

20180810_163612.jpg

Сўнг “Жунтой Синсилу Текситил” қўшма корхонасига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнларини ўз кўзимиз билан кўрдик. “Хуррамшаҳар” дам олиш масканида ҳақиқатан ҳам дам олдик. Санъат асари яратилибди. Ҳамкасбларимиздан бири лутф қилиб, бу бинони Тожикистон “Тож Маҳали” деб таърифлади. Нонуштадан аввал яна қўлларимизга сув тутишди.

20180810_165355.jpg

Вилоят маркази Хатлонда катта концерт ташкиллаштиришибди. Бу тадбир шаҳарликлар ҳордиқ чиқарадиган “Байроқ маркази”да бўлиб ўтди. 

Данғара тумани ва Бохтар шаҳридаги баннерлар ўзбекистонлик журналистларнинг ташрифига катта тайёргарлик кўрилганидан далолат. Тожикистонда Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевни ҳурмат қилишади ва уларни жуда юксак қадрлашади.

Тожикистонда ўз қаҳрамонларини эъзозлашларига гувоҳ бўлдик. Олти нафар фуқаро “Тожикистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган. Уларнинг суратларини ҳар бир идора ва муассасада кўриш мумкин.

Душанбеда автомобиллар рақамининг рангига эътибор қаратдим. Фуқаро ва идораларга тегишли машиналар рақами – худди бизникига ўхшайди. Аммо йўловчи ташишга мўлжалланган автомобилларга сариқ рангли рақам беришар экан. Яшил рангли автомобиллар хорижий дипломатларга тегишли. Ички ишлар идораларининг автомобилларига ҳаво рангдаги рақам берилишига гувоҳ бўлдик.

Тожикистонда ҳам худди Ўзбекистон сингари аҳоли саломатлигига эътибор қаратилади. Ҳар қадамда “Дорухона” (“Дорихона”)ни учратиш мумкин.
Яна бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим. Кўчалардаги лавҳалар фақат ва фақат давлат тилида ёзилган.

Тожикистонга бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистларнинг пресс-тури шу тариқа ниҳоясига етди. Миллий таомлар, бу – алоҳида мавзу. Биз ташриф буюрган ресторанларда фақат ўзбек ва тожик қўшиқлари – жумладан “Андижон полкаси” ва “Лазги” янгради. Бу ҳам бўлса, икки халқ дўстлигининг рамзидир. Бўлиб ўтган расмий ва норасмий учрашувларда бир гап янгради: ўзбек ва тожиклар яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам ҳамиша бирга бўлган ва бундан кейин ҳам бирга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Тожикистонга қилинган беш кунлик сафаримиз мобайнида мен болалигимга қайтдим: болалик хотираларим ёдга тушди. Бунинг учун Тожикистон ҳукуматига, тожик халқига ва сўзсиз Тожикистонда истиқомат қилаётган ўзбекларга ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан.

Ш.Тўлаганов, ЎзА
6 375