ЎзА Ўзбек

21.08.2019 Чоп этиш версияси

Болаларни эмлаш пулликми?!

Болаларни эмлаш пулликми?!

Ушбу савол ҳозирги кунда мамлакатимиз аҳолиси ўртасида учраб турадиган энг долзарб саволлардан бири ҳисобланади. Болаларда фақат “Гепатит А” (халқ тилида “сариқ касаллиги”) дан ташқари барча касалликларга қарши эмлаш мутлақо бепул, хавфсиз ва қулай.

Қайд этиш керакки, ҳанузгача аҳоли орасида эмлаш масаласида турли хил салбий қарашларнинг мавжудлиги мазкур жараённи ОАВда кенгроқ ёритилиши ва шу орқали масала юзасидан аҳоли хабардорлигини оширишни тақозо этмоқда.

Наманган шаҳридаги “Сайҳун” меҳмонхонаси конференциялар зали ушбу масалани муҳокама қилишда вилоят журналистлари ва блогерлари учун давра маркази бўлди. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Республика Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Болалар соғлиги, хусусан, иммунизация масалаларини ОАВда ёритиш” мавзусидаги семинар-тренинг долзарблиги билан муҳим аҳамият касб этди.

Соҳа мутахассиси Наргис Қосимова ўзининг назарий ва амалий машғулотлари орқали тренинг жараёнида масала моҳиятни очиб беришга эришди. Вакцинация ва унинг бола соғлигига ижобий таъсири, теле-радио, матбуот ва интернетда болаларни эмлаш мавзусини ёритишнинг замонавий усуллари, кичик фарзандларимиз саломатлиги бўйича ОАВда эълон қилинган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган материаллардаги стереотипларни аниқлаш ва уларни бузиш, медиамайдондаги сохта хабарларни аниқлаш ва текшириш борасидаги билим ва салоҳиятимизни юксалтириш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Таъкидланганидек, карантин ва ўта хавфли юқумли хасталиклар, полиомиелит, дифтерия, қоқшол касалликлари қатор йиллар мобайнида қайд этилмади.

photo5391297629071190939.jpg

Боланинг туғилганиданоқ ва то 16 ёшгагача бўлган турли босқичларда эмлаш уни келгусида хавф солувчи касалликлардан ишончли ҳимоялайди. 

Шу ўринда бир янгилик, тренингга таклиф этилган шифокор-мутахассис, вилоят ДСЭНМ масъул ходими Шерзод Латифжонов эмлаш йиллар оралиғига энди 9 ёш ҳам киритилаётганини билдирди, яъни эмлаш тақвимига яна бир ёш тоифаси жорий этилади.

Ташкил этилаётган мазкур лойиҳа доирасидаги турли тадбирлар журналистлар ва тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради. Фуқароларда тиббий маданият ошишига туртки бўлиб хизмат қилади. 

Тренинг доирасида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда ўзлаштирган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, савол-жавоб ҳамда баҳс-мунозара шаклида ўз таклиф-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар, медиарежаларини тузиб олдилар.

Хулосалар, муҳокамалар ва тавсиялар Давлат санитария-эпидемиология марказининг вилоят бўлимида давом этди. Ташкил этилган семинар-тренинг доирасида қатнашчилари бу ердаги Республикада иккинчи ўринда турувчи вакцина сақлаш омбори билан яқиндан танишдилар. 

Орифжон ЖЎРАЕВ

5 699
ЎзА