Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.08.2017 16:22 Чоп этиш версияси

Болаларга беринг дунёни

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб “Болаларга беринг дунёни” деб номланган байрам тадбири ўтказилди.

Хўжайли туманидаги 1-Меҳрибонлик уйи жамоаси томонидан ташкил этилган маданий тадбир болалар яратган амалий санъат асарлари, суратлар, қўғирчоқлар, ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси билан бошланди. Болаларнинг табиатга, теварак-атрофга муносабатини, дунёқараши ва истеъдодини ўзида акс эттирган кўргазма барчада катта қизиқиш уйғотди.

– Ота-она меҳрини кўрмай ўсаётган бўлсам-да, менга доим ғамхўрлик қиладиган, орзу-интилишларимни қўллаб-қувватлайдиган ва унинг рўёби учун барча шароитларни яратиб бераётган Ватаним борлигини ҳис қилиб яшайман, – дейди Наргиза Аширбекова. – Шу боис ўзимни ҳеч қачон ёлғиз ҳис қилмайман. Мен тўқиган бежирим буюмлар иштирокчиларга маъқул келганидан хурсандман.

Меҳрибонлик уйининг бир неча бор мамлакат ва халқаро танловларда совриндор бўлган “Тонг ғунчалари” ансамбли томонидан концерт дастури намойиш этилди. Болажонлар ижросидаги “Андижон полкаси”, “Айдар тўй” композициялари, рус, украин, туркман, қозоқ, грузин миллий қўшиқ ва рақслари, ўзбек ва қорақалпоқ тилларида янграган Ватан, дўстлик ва ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади. Тадбирда болажонларга ҳомийлар томонидан совғалар улашилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 709






Все о погоде - Pogoda.uz