Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

05.09.2018 21:01 Чоп этиш версияси

Болаларга байрам совғаси

Болаларга байрам совғаси Бухоро шаҳридаги нутқида нуқсони бўлган болалар учун мўлжалланган махсус 82-мактабгача таълим муассасаси биноси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Бундан 41 йил муқаддам барпо этилган мазкур муассаса биноси, гарчи бир неча бор жорий таъмирланган бўлса-да, бугунги давлат стандартлари талабларига жавоб бермай қолган эди. Реконструкциядан сўнг мактабгача таълим масканининг қиёфаси тубдан ўзгариб, имкониятлари янада кенгайди.

“Обод маҳалла” дастурига киритилган “Шайх ул-олам” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ушбу мактабгача таълим муассасасида лойиҳа қиймати 3,5 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бунда “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” унитар корхонаси ҳомийлик ёрдами кўрсатди.

5 (1).jpg

Янгидан қурилган қозонхона муассасани куз-қиш мавсумида барқарор иссиқлик энергияси билан таъминлайди. Замонавий мева-сабзавот омборхонаси озиқ-овқат маҳсулотларини яхши сақлашга хизмат қилади.

– Бу ерда амалга оширилган ишлардан жуда мамнун бўлдик, – дейди оналар номидан Робия Йўлдошева. – Ўзгаришлар катта. Масалан, болалар қишин-ёзин чўмиладиган ёпиқ сузиш ҳавзаси, улар тоза ҳавода дам олиши учун миллий услубдаги соябонли айвон, шунингдек, спорт зали ҳам қурилибди.

Реконструкциягача муассасада 6 гуруҳ фаолият кўрсатган бўлса, эндиликда улар сони яна учтага кўпайди. Қабул қуввати 120 нафардан 135 тага етди. Мусиқа, тиббиёт хоналари, янгидан алоҳида қурилган ошхона тегишли жиҳозлар билан таъминланган.

7.jpg

– Жамоамиз асосан малакали тарбиячи ва уларнинг ёрдамчилари, шунингдек, алоҳида малакага эга логопедлардан иборат, – дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Феруза Абдуллаева. – Бу муҳим жиҳат. Улар нутқида қусури бўлган болаларнинг тўғри талаффуз қилиш қобилиятини ривожлантириш ва луғат бойлигини ошириш учун интерфаол усулда лаб, тил, томоқ, юз, бармоқ, нафас олиш ҳаракатлари билан боғлиқ турли машғулотлар олиб боради. Реконструкция жараёнида барча гуруҳларда логопедик машқлар учун алоҳида хона ташкил этилгани мутахассисларга ўргатиш ва болаларнинг эса ўзлаштириш самарадорлигини оширишда қулай бўлди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА