ЎзА Ўзбек

01.06.2020 Чоп этиш версияси

БОЛАЛАРДEК БEҒУБОР БЎЛАЙЛИК

БОЛАЛАРДEК БEҒУБОР БЎЛАЙЛИК
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Интернет хабарларига кўра, 1925 йил Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган қарорга асосан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни қилиб белгиланган. Байрам биринчи маротаба 1950 йилда дунёда байрам сифатида нишонлана бошланган.

– Бу байрам бутун дунё болалари учун қувончли лаҳзаларга бой байрам ҳисобланади, – деди OʼzLiDeP Сирдарё вилояти кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева. – Албатта, бола бу дунё, бола бу ҳаёт, бола бу умримиз мазмуни, бутун борлиғимиз ҳисобланади. Болалар ўзларининг табассумлари билан бир зумда Сизни ўзларининг беғубор оламларига олиб киради. Болажонлар даврасида ҳаётга бўлган муҳаббатни янада ортганини ҳис қиласиз.

Партия вилоят кенгаши ходимлари байрам муносабати билан Мирзаобод туманидаги хонадонларга ташриф буюриб болажонларга эртак ва бадиий китоблар совға қилди.

Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг яна бир эътиборли жиҳати, кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратилгандир.

Ана шу муносабат билан вилоят кенгаши депутати Б.Кенжаев, туман кенгаши депутати А.Одилов ҳамда OʼzLDeP Боёвут туман кенгаши аппарат раҳбари М.Дадаевалар «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар холидан хабар олишди. Болажонларга ўзларининг совға-саломларини топширишди. Шунингдек, Боёвут туман кенгаши депутати Г.Каршибоева ҳам «Ўзбекистон» маҳалласидаги У.Анорқулова, Б.Аноркулова ва Б.Сойибназаровларга байрам муносабати билан ўз совға- саломларини топширди.

Халқ депутатлари Боёвут туман кенгаши депутати Х.Курбонова ҳам бу хайрли тадбирдан четда қолмади. У «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги болажонларни ўз совға-саломлари билан хушнуд этди.

Айни пайтда Сайхунобод туманидаги «Бахмалсой » маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Сардоба сув омбори тошқинидан зарар кўрган оилалар ҳам истиқомат қилмоқда. Сайхунобод туман кенгаши депутати Иномжон Усмонов ана шу оилалар фарзандлари ҳузурида бўлиб уларга байрам муносабати билан ўз совғаларини топширди.

Ҳусан Жабборов,
OʼzLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши
Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

2 612
ЎзА